Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕЧЛ қуръаси: «Сити»га яна «Реал» тушди
«Сити» «Реал» тўсиғидан ўтган тақдирда, навбатдаги босқичда «Бавария» рақиб бўлиши мумкин.
Бугун, 27 феврал куни, Чемпионлар лигаси 1/8 финали учун қуръа ташланди. Маросим анъанага кўра Швейцариянинг Нион шаҳрида, УЕФА штаб-квартирасида бўлиб ўтди.
Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов аъзоси бўлган «Манчестер Сити» клуби бу босқичда «Реал»га қарши ўйнайди. Ушбу жамоалар умумий гуруҳ босқичида ҳам ўзаро тўқнашган, Мадридда кечган ўйин инглизларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди.
Умуман, 2020 йилдан буён бу жамоалар ЕЧЛ плей-офф босқичларида 5 марта тўқнашган, шундан 3 тасида «Реал», 2 тасида «Манчестер Сити» кейинги босқичга ўтган.
ЕЧЛ 1/8 финали қуръаси натижалари:
- «ПСЖ» — «Челси»;
- «Галатасарой» — «Ливерпул»;
- «Реал» — «Манчестер Сити»;
- «Аталанта» — «Бавария»;
- «Нюкасл Юнайтед» — «Барселона»;
- «Атлетико» — «Тоттенҳэм»;
- «Будё-Глимт» — «Спортинг»;
- «Байер» — «Арсенал».

Қуръа якунларига кўра жамоаларнинг финалгача бўлган йўллари ҳам белгилаб олинган.
Хусусан, «Манчестер Сити» «Реал» тўсиғидан ўтган тақдирда, чоракфиналда «Бавария»га дуч келиши мумкин, шунингдек, сетканинг бу томонида «Ливерпул», «Челси» ва «ПСЖ» каби бошқа гранд жамоалар ҳам бор.
Умумий гуруҳ босқичида 8 ўйинда 8 ғалабага эришган ва гуруҳдан биринчи ўрин билан чиққан «Арсенал»нинг йўли эса осонроқ: лондонликлар жамоаси нимчорак финалда «Байер» билан ўйнайди, бу жамоа тўсиғидан ўтилса, навбатдаги босқичда «Будё-Глимт» ва «Спортинг» жуфтлиги ғолибига тўқнаш келади.
1/8 финал босқичи доирасидаги биринчи ўйинлар 10-11 март кунлари, жавоб учрашувлари 17-18 март кунлари бўлиб ўтади.
Турнир финали Будапештдаги «Пушкаш Арена» стадионида 30 май кунига белгиланган.