Фото: Pixabay

Агар сиз ҳозир исиб кетаётган бўлсангиз, бу ҳали ҳолваси. Яқин йилларда термометр янада юқори ҳарорат кўрсатади.Ана ўшанда шаҳарларда қандай яшаймиз?

2014 йилда Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро мутахассислар гуруҳи ўзларининг бешинчи мақоласи чоп этилиши муносабати билан глобал исиш белгилари тез орада сезилиши ва жиддий оқибатларга олиб келишини бир овоздан маълум қилишди. Гап сув тошқинлари, қурғоқчилик, жазирама, шунингдек, бутун дунёда ёз фаслида ўртача ҳароратнинг кўтарилиши ҳақида кетяпти.

2018 йилда иқлимшунос, Франциянинг 21 асрдаги иқлими маърузаси муаллифи Жан Жузель (JeanJouzel) 2050 йилга келиб, ҳарорат мамлакатнинг кўп қисмида 50°C га етиши мумкинлигини айтган. Бу эса тасаввурга сиғдириб бўлмас ҳолат. Аҳолининг иссиққа чидай олмайдиган қатлами - кекса, бемор, ногирон, ёш бола, ҳомиладорларга бу ҳолат салбий таъсир кўрсатиши кишини хавотирга солади.

Бунга яна бир хавфли омил қўшилмоқда. БМТнинг прогнозларига кўра, 2050 йилда сайёранинг аҳолиси 9,8 миллиард кишидан иборат бўлади. Уларнинг кўп қисми мегаполисларда яшайди. Бундай вазият атмосфера бугунги кунга қараганда кўпроқ ифлосланишига олиб келади. Экстремал ҳароратга иқлим вазиятини янада ёмонлаштирмасдан, совутиш тизимидан оммавий фойдаланмаган ҳолда чидаш учун шаҳар юзага келган, бартараф этиб бўлмайдиган жараёнга мослашиши керак. Ҳозир у айнан шу жараённи бошдан кечирмоқда.

Экологик архитектура ва биокондиционерлар

Баъзи архитекторлар бу муаммони олдиндан кўра билишган. Экологик архитектура пионерии Венсан Каллебо (VincentCaillebaut) лойиҳаларни бир вақтнинг ўзида экологик ва иссиқликни юта оладиган, ҳавони тозалайдиган қилиб яратади. Париж муниципалитети буюртмасига асосан архитектор 2050 йилга келиб шаҳар экологиясини яхшилаш бўйича лойиҳани ишлаб чиқди. Архитекторнинг тушунтиришича, «жой етишмаслиги сабаб Париж боғлари бино атрофида бўлинмайди. Биноларнинг ўзи боғларга айлантирилади. Биноларни кўкаламзорлаштириш, шаҳарни боғга айлантириш шаҳар иссиқлик ороли билан курашишда самарали бўлиб, шаҳримиз учун био-иқлим яратади».

Шаҳар биноларининг кўкаламзорлаштирилиши шаҳарни исиб кетишдан халос этади. Жамоат муҳитида яшил зоналар яратилади. Шу йўл билан шаҳар яшаш учун қулай ҳолатга келади. Унда ҳатто иссиқ ҳавода ҳам эркин нафас олиш мумкин бўлади. Энергиядан фойдаланилмайдиган уйлар иссиқхона эффекти кучайишига йўл қўймайди. Париж муниципалитети сув манбаларини кўпайтириш, фавворалар қуришни ҳам режалаштирмоқда.