18 кишининг ўлимига олиб келган ёнғинни уюштирган хитойликка ўлим жазоси берилди
Хитойнинг Цинъюань шаҳри халқ суди қарори билан караоке-барда 18 кишининг ўлимига олиб ёнғинни уюштирган Лю Чуньлу исмли судланувчи ўлим жазосига маҳкум қилинди.
Маълум қилинишича, у шунингдек умрининг охиригача барча сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этилган.
Судланувчининг айтишича, у 23 апрель кечки пайт дўстлари билан Индэ шаҳридаги (Гуандун вилояти) караоке-барга келган. У официант аёлдан шилқимлик учун дакки эшитгач ва шу барда муваффақиятсиз якунланган учрашувдан аччиқланиб, барчага барга ўт қўйишини айтган.
У 24 апрелга ўтар кечаси соат 00:30да бар олдига қўйилган мотоцикли ёнилғи шлангини ечиб олиб, ёнилғи бакида катта миқдорда бўлган ёнилғини ерга тўккан. Сўнгра у ёндиргич ёрдамида ёнилғига ўт қўйган. Аланга қисқа фурсатда бино холлига, кириш эшиги ва ён-атрофдаги мотоциклларгача етиб борган.
Ёнғин оқибатида барнинг 2- ва 3-қаватида бўлган 18 киши ташқарига чиқа олмай, ис газидан бўғилиб ҳалок бўлган. 4 киши ўт ўчирувчилар томонидан қутқариб қолинган. Жиноятчи шу куни соат 10:00да қўлга олиниб, одил судлов ихтиёрига топширилган.