Ўзбекистон | 07:50 / 13.09.2018
7255
2 дақиқада ўқилади

Honeywell UOP Ўзбекистонда табиий газдан олефинларни ишлаб чиқариши мумкин

Жорий йилнинг 11 - 12 сентябрь кунлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ бош офисида АҚШнинг Honeywell UOP компанияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда томонлар ҳамкорликни ривожлаштириш истиқболлари масалаларини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Kun.uz’га “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

 
Шу йилнинг 16 май куни Ўзбекистон Республикаси президентининг Америка Қўшма Штатларига давлат ташрифи доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Honeywell UOP компанияси билан Англашув Меморандумини имзолаган эди. Унда МТО технологиясидан фойдаланган ҳолда табиий газдан олефинларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа доирасида қўшма фаолиятни ташкил қилиш кўзда тутилган. 

Фото: Ўзбекнефтгаз

Honeywell UOP компанияси Хитойда Wison муҳандислик компанияси билан бир нечта МТО лойиҳаларини амалга оширган. 

Wison Engineering Ltd компанияси бешта МТО ускунасини муваффақиятли ишга туширган. 2019 йилнинг биринчи чорагигача учта МТО ускунаси эксплуатацияга топширилган ва қолган учтаси қурилиш босқичида. 

Музокаралар доирасида Хитойда МТО технологияси бўйича лойиҳаларни амалга оширишда катта тажрибага эга бўлган Wison Engineering Ltd компаниясининг тақдимоти ўтказилди. 

Хорижий меҳмонларнинг айтишича, Honeywell UOP компанияси ва Wison Engineering Ltd ўн йилдан зиёд вақт мобайнида Хитойда МТО лойиҳалари бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқдалар. 

Музокаралар якунида Wison Engineering Ltd компанияси Honeywell UOP компаниясига олефинлар ва кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш МТО лойиҳаси бўйича техник ва тижорат ҳисоботни ишлаб чиқишда ёрдам беришига келишиб олинди. 

Фото: Ўзбекнефтгаз

Мавзуга оид