Ўзбекистон | 21:30 / 17.09.2018
28192
11 дақиқада ўқилади

Бағдод туман халқ таълими бўлими мудирига ёқиш учун қандай мақола ёзиш керак эди?

Яна ҳам халқимиз андишали, ориятли. Роса имкониятлари чекланиб қолганида минг истиҳола билан ОАВга мурожаат қилади.  

KUN.UZ таҳририятига келган арзнома бўйича муаммони ўргангани бориш журналистларнинг асосий вазифаларидан. Ахир кимдир атрофида инсонларга зарари тегаётган камчиликларни кўрганида ёки тегишли идоралар ўз ваколати доирасида фаолият юритмаётганида ОАВга, мухбирга юзланади. Вазиятга чора излайди.

Мурожаат ўрганиш ва бу буйича мақола ёзишни ўзига хос жиҳатлари бор. Ўша жойга бориб масалани ўрганиб, таҳлилий материал ёзишга уринасиз. Кундузи билан асаларидек маълумот йиғиб, кечаси ҳаммаёқ тинчиганида мақола ёзиш жараёни бошланади. Мухбирга иш вақти белгиланмаган. У бу борада бирор жойга шикоят ҳам қила олмайди. Чунки, касби шундай бўлишни тақозо этади. Бу “ҳунар”ни эса ўзи танлаган.

Эртасига мақола кенг оммага тақдим қилингач, таъсир жараёни (дейлик, реакция) бошланади.

Айтиб қўяй!  Таҳлилий-танқидий материални мутасаддилар икки хил тушунади. Бири ўзи томонидан қўйилган камчиликни тан олмайди, жириллаб-жириллаб ўлганини кунидан ўша муаммони бартараф қилади.

Энг ёмони муаммони ҳал қилиш ўрнига, биринчи ўринда, ўша ариза ёзиб, “сотқинлик” қилган одамни излаб, уни синдиришга ҳаракат қилади. “Токи бошқалар қайтиб ҳақиқатни ёзмасинлар!”      

Бошқаси эса,  масалани чуқур ўрганади, ходимларни йиғиб чора-тадбирлар режасини тузади. “Нега бундай бўлди? Нега шу масалани эътибордан четда қолдирдик?”, деган саволни ўртага қўяди. Муаммони ҳал қилгач, имкон топса ўша мухбирга: “Бир келиб, кўриб кетинг. Ижобий ўзгаришлар қилдик. Режаларимиз бисёр”, дея алоқага чиқади. Хато-камчиликни тан олиш эса марднинг иши.

KUN.UZ нашрида ўтган бир ой ичида эълон қилинган ана шундай муаммоли ҳолатлар бўйича берилган мақолаларимга деярли бир хил жавоб олдик.  Андижондаги сув муаммоси бўйича берилган танқидий материални тўғри тушунган мутасаддилар  уч кунда муаммоларни ҳал қилиб, таҳририятга чиқишди. “Қани, келиб кўриб кетинглар!” дейишгач бориб материал тайёрладик.

Андижон-Тошкент поезди ҳақидаги материалга “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ беш соатда реакция қилди.

“Андижон жаҳон бозорига СЭС бориб турармикан?” сарлавҳали материалдан сўнг эса мазкур бозорда жуда кенг кўламли ишлар олиб борилиб, биотуалетлар келтирилди.

Шу ўринда мазкур мақолалар фақат аҳоли муаммолари ҳақида ёзилган бўлиб, халққа фойда келтиргани аниқ.   

“Бағдодда нима гаплар?”

Таҳририятга Фарғона вилоятининг Бағдод туманидаги 3-мактаб бинолари аянчли ҳолатда эканлиги ҳақида фотосуратлар билан “безатилган” мурожаат келди. Электрон мактубда мактабга меҳмон бўлиб келган инсон мазкур биноларни суратга олиб бизга жўнатган экан. Хунук ҳолатдаги тасвирларга ишониб-ишонмай Фарғонага бориб, аҳвол ундан-да ёмон эканлигига гувоҳ бўлгач, мақола ва видеоматериал тайёрладик

Мақола эълон қилинди ва ўқувчилар ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳатто, кўпчилик бу ҳолатга ишонмади. Чунки, мактаб бинолари кўриниши табиий офат бўлган декорацияни эслатар эди-да?! Минг афсуски, видеотасвирлар ва фотолар ҳақиқатдан сўзлаган.

Мақоладан сўнг Бағдод туман халқ таълими мудири, ҳудуд педагоглари сардори Тўлқиной Тожиева алоқага чиқди. Бу ҳақда алоҳида гаплашамиз.

Халқ таълими мудираси нимадан норози?

Туман педагоглари каттаси мақола эълон қилингач “Холислик бирёқламалик панасида қолмасин” деган муносабат ёзиб, KUN.UZ таҳририятига юборган. Унда таҳлилий мақола муаллифи журналист Э. Эрматов, яъни каминани ҳолатни “бир томонлама, нохолис”  ёритганликда айблайди.

“.. интернет нашри орқали шу йил 10 сентябрь куни эълон қилинган “Бағдодда нима гаплар?” сарлавҳали мақола Бағдод тумани халқ таълими бўлими раҳбарияти томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди. Эътироф этиш керакки, муаллиф Э. Эрматов мақолада тумандаги 3-умумий ўрта таълим мактабида фаоллар ва спорт залининг бугунги аҳволи хусусида сўз юритиб, бунда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг орзу-ўйлари, умидлари ҳақида ўринли хавотир билдирган. Бироқ мухбир мурожаатни ўрганиш жараёнида, айрим ўринларда, нохолис хулосалар қилади”, дейилади муносабатда. 

Мутасадди ўз хатида, Бағдод туманида ҳам эртамиз эгалари бўлган ёш авлод таълим-тарбиясига, уларнинг замонавий қулайликлар ва шарт-шароитларда ўқиб-ўрганишларига алоҳида эътибор қаратилаётганига, бунинг учун давлатимиз томонидан миллиардлаб маблағ сарфланаётганига тўхталган.

Мактубда: “Мухбир фуқаро мурожаатини ўрганиш давомида бевосита бунга дахлдор бўлган мутасаддиларни ҳам тинглаши, тегишли ҳужжатларга бир қур назар ташлаши лозим эди. Шундагина мақолада бирёқламалик бўй кўрсатмаган, холислик таъминланган бўларди, бизнингча”, дейилган жумлалар ҳам бор.

Дарҳақиқат, юртимизда сўнгги йиллар давомида таълимга берилаётган эътибор беқиёсдир. Энди 3-мактабдаги ҳолатни ўрганишда “бевосита бунга, яъни таълимга дахлдор бўлган мутасаддиларни тингламаганлик” айбловига эътибор қаратайлик.      

Мурожаатдаги масалага ойдинлик киритиш мобайнида тўғридан-тўғри умумий таълим мактабига бормадик. Фарғона вилояти Бағдод туманига келгач, туман ҳокимлиги биносига кириб туманда ижтимоий масалаларга мутасадди бўлган туман ҳокимининг  ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бахтиёржон Холдоров қабулига кирдик. Чунки, туман ҳокимидан сўнг ҳудуддаги ижтимоий соҳага масъулият айнан мана шу мутасаддига юклатилган. Б. Холдоров мактабга бизни бошлаб борди ва вазиятга ойдинлик киритишда бирга бўлди. Ҳоким ўринбосари жараён давомида  туман халқ таълими бўлими инженерини ҳам чақиртирди.   

 

  Ҳар икки мутасадди ва ўша мактаб директорини айнан таълимга дахлдор деб билиб адашмадик, чоғи... 

Мактабдаги ҳолатни кўриб ёқа ушлаб қолганимиз рост. Ўша жойга ўнта таълимга дахлдор шахсни олиб борганимизда ҳам хароба ҳолат ҳақида фикримиз ўзгармас эди.

“Тегишли ҳужжатлар билан танишмаган” деган иддао ҳам бор. Бизга бўлим инженери ҳужжатлар тўпланмасини тақдим қилди ва биз уни суратга олиб, ундан мақолада фойдаландик. Бошқа ҳеч қандай ҳужжатларни кўрмадик. Бизга кўрсатилган ҳужжатда 3 мактабнинг 2019 йилги манзилли Дастурга тавсия қилингани ҳақида ёзилган эди. Яна ушбу мактабнинг спорт зали 2008 йилдан буён Дастурга тушиш учун тавсия қилинаётгани ҳам кўрсатиб кетилганди. 

Мактаб ўқитувчиларининг “Ҳар йили Дастурга тушади дейишади, лекин натижа йўқ!” дейишгани ҳам мақолада кўрсатиб ўтилди. Улар сиз келтирган, “Бу йил бўлиши аниқ!” ваъдасини ўн йилдан бери эшитиб келаяпти, ахир? Сиз мактубда: “Тегирмон навбати билан” деган иборани келтирибсиз. Ўн йилда ҳам навбати келмаган тегирмон қандай бўлади, ҳайронмиз.

Таҳририятга жўнатилган хатда – мазкур зиё маскани 1993 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган. Лекин ўша даврда қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилгани оқибатида фаоллар ва спорт зали 2008 йилдаёқ яроқсиз ҳолга келгани ҳақида ёзилган. Шунча йиллардан бери мактаб ҳудудида авария ҳолатидаги биноларнинг мавжудлиги мутасаддиларни бефарқлигини билдирмайдими?

Яна ОАВ ҳам мактабга ўн йил кеч қолиб борди! Минг қулфлаб, муҳрлаб ташлангани билан мактаб ҳудудидаги илма-тешик бўлиб ётган “ўтган аср харобалари”га бирор ўқувчи кириб (болалар айнан шундай жойларда ўйнашни яхши кўради) майиб бўлиши мумкин эди.

Шуни кутаётганмидик?!       

Фарғонадан қачон олимпиада чемпиони чиқади?

Тўлқиной Тожиева мақолага нисбатан муносабатни ўзи ёзганига шубҳам бор. Чунки, ундаги мана бу сўзлар мени ҳайрон қолдирди: “Иштиёқи, ғайрат-шижоати юқорилиги боис, спорт залининг бугунги ҳолати мактаб ўқувчиларининг имкониятларини чегаралаб қўймаяпти. Агар спортнинг қайсидир турида ғолиб чиқиш учун махсус зал албатта лозим ва шарт бўлса, яқиндагина ниҳоясига етган XVIII Осиё ўйинларида тумандаги 30-умумий ўрта таълим мактаби собиқ битирувчиси Шоҳруҳ Аъзамовнинг байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича мусобақа бронза медалини қўлга киритганини қандай изоҳлаш керак?! Ахир бу мактабда спортнинг мазкур тури билан мунтазам шуғулланиш учун алоҳида сув ҳавзаси мавжуд бўлмаган. Ишонамизки, бу иштирокчидаги ғолибликка ташналик, ватанпарварлик ҳамда матонат рақибларни мағлуб этишда унга қўл келган”.

 

Демак, спорт билан шуғулланиш учун спорт зали зарур эмас экан! Менимча, боладаги иқтидорнинг илк учқунларини мактабда жисмоний таълим ўқитувчиси аниқлайди ва шакллантиради. Бағдод тумани бўйича мавжуд 50 дан зиёд мактабнинг 15 тасида ёпиқ спорт зали йўқ. Бу дегани қишда мунтазам спорт машғулотлари ўтиш учун имконият йўқ дегани. Туман халқ таълими мудирасининг бундай фикрлаши менда шубҳа уйғотди. 

 

  

Фарғонада жаҳон чемпионлари кўпдан кўп. Бектемир Мелиқўзиев Рио олимпиадасида финалгача етиб борган. Фарғона ва Андижон бир-бирига жуда яқин ҳудуд. Лекин, қўшни вилоятдан етишиб чиққан Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ҳасанбой Дўсматов, Руслан Нуриддиновлар ортидан минглаб ёшлар интилмоқда. Улар ҳам спортдаги илк сабоқларини мактаб спорт залида олганликлари аниқ. Шароит бўлмаса ҳам ғолибликка ташналик, ватанпарварлик билан чемпион бўлиш мушкул иш.

3-мактаб ўқитувчиларига босим бошланганми?

Нима бўлганда ҳам Бағдод туман халқ таълими мудирига муносабат учун раҳмат айтаман. Чунки, мақолага эътибор қаратибди. Энди навбат мактабларга.

Яна бир гап. Мактаб ҳақидаги мақола чиққанидан сўнг интервью берган иккита ўқитувчига босим бошланганидан ҳам хабаримиз бор. Айтишларича, халқ таълими бўлими ўқув даргоҳига  тезда “комиссия” жўнатибди. Улар жисмоний тарбия ўқитувчиси Дилобар Мадалиева ва Сарвар Ҳайдаровларни “алоҳида” текшириб конспектларидан айб топишга ҳам уринишган.

Бу ҳаракатларга тушунмадик. Ахир, таҳририятга улар арз қилмаган эдилар. Мабодо, улар арз қилганда ҳам мактабнинг зали бу ҳолатга тушгани айни ҳақиқат-ку? Ўқитувчи жамиятнинг зиёли вакили. Бугунги кунда юртимизда бўлаётган демократик ўзгаришлар, матбуот эркинлигини кенг оммага ёядиган ҳам мана шу касб эгаларидир.        

Мазкур муаммога яна қайтамиз...

 Элмурод Эрматов

Мавзуга оид