Жамият | 10:28 / 18.09.2018
17890
2 дақиқада ўқилади

Реанимация бўлимининг кутиш залида икки фуқарони алдаб кетган шахс 5 йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида фирибгарлик бўйича иш кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, судланувчи Ш.Б 2018 йилнинг 4 май куни соат тахминан 13:00да, Яшнобод туманида жойлашган И.Эргашев номидаги 4-сонли шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимининг кутиш залида М.Тешабаеванинг ишончига кириб, унга тегишли бўлган баҳоси 8 миллион сўмлик «Samsung Note 8» русумли телефон апаратини фойдаланиш учун олиб, воқеа жойидан яширинган.

У ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, шу йилнинг 14 июнь куни соат 07:30да Яшнободдаги клиник шифохонанинг реанимация бўлими кутиш залида Д.Алиеванинг ишончига кириб, унга тегишли бўлган баҳоси 2,4 млн сўмлик «Iphone s6» русумли телефон апаратини Алиеванинг реанимацияда ётган ўғлига бериб қўйишини айтиб олган ва воқеа жойидан яширинган.

Суд томонидан Ш.Б.га Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 168-моддаси («Фирибгарлик») 3-қисмининг «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга шу модда билан, 5 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тайинланган жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўталиши белгиланди.

Мавзуга оид