Фан-техника | 11:08 / 18.09.2018
12111
2 дақиқада ўқилади

Таиланддаги ғордан болаларни қутқарган ғаввос Илон Маскни судга берди 

Фото: AFP/ Peter Parks

Таиландда ғорда қолиб кетган ўсмирларни қутқариш амалиётида иштирок этган британиялик ғаввос Вернон Ансуорт америкалик тадбиркор Илон Маскдан уни ҳақорат қилгани учун маънавий зарарни қоплашни талаб қилмоқда. 

“Маск твиттердаги аккаунтидан ва ОАВдаги электрон мактублардан бутун дунёга ёлғон ахборот ва жаноб Ансуорт шаънига бўҳтонлар чоп этиш учун фойдаланган”, деб айтилган Калифорния судига берилган 22 саҳифалик даъво аризасида. Ансуорт бўҳтонларнинг рад этилишини ва 75 минг доллар миқдорида товон пули тўланишини талаб қилмоқда. 

Ансуорт ғордан ўсмирлар футбол жамоасининг 12 аъзоси ва уларнинг мураббийини қутқариш амалиётида иштирок этган. У болаларнинг ғордаги жойлашган ўрнини аниқлаган ва уларни қутқариш учун жамоа тўплаган.

Маск ва унинг SpaceX компанияси эса Таиландга ўсмирларни қутқаришда қўллашга мўлжалланган кичик сув ости кемасини жўнатган. Ансуорт интервьюлардан бирида Маскнинг сув ости кемасини қўллаб бўлмаслигини ва шу сабабли унинг “бир тийинга қимматлигини”, бу шунчаки пиар-найранглигини айтган. 

Шундан кейин Маск ғаввосни бир неча маротаба куракда турмайдиган сўзлар билан, жумладан “бачавоз” деб ҳақоратлаган. Бироқ Маск ушбу сўзлари учун танқидга учрагач, ўз твитларини ўчириб ташлаган ва қизишиб кетганини айтиб, ўз узрини келтирган.

Мавзуга оид