Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Обод маҳалла» дастурига ҳам киритилмаган Тошкентдаги таъмирталаб уйлар тақдири кимни қизиқтиради?
Kun.uz’га Шайхонтоҳур тумани, Лабзак кўчасида жойлашган 85-А уйда истиқомат қилувчи пенсионерлар мурожаат йўллашди. Фуқаро Султонбой Тўхтаевнинг мурожаатида баён этилишича, Шайхонтоҳур маҳалласига қарашли 85, 85-А ва 86-уйлар анча таъмирталаб аҳволда бўлиб, улар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати таркибига киритилмаган. Шу сабабли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш масаласи ҳануз очиқлигича қолмоқда.

Масаланинг эътиборли жиҳати шундаки, «Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳалланинг нега айнан шу учта икки қаватли уй эътибордан четда қоляпти? Бир неча ўн йиллардан бери фуқароларни қийнаётган муаммо ҳал этилмаслигига нима сабаб бўлмоқда? Саволлар кўп, аммо ечимдан дарак йўқ. Мурожаат кетидан тушиб, ҳар бир саволга бирма-бир жавоб излашга ҳаракат қиламиз.
Тўхтаевнинг айтишича, шу йилнинг апрель ойида Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги вакиллари ушбу хонадонларга ташриф буюриб, уйлар «Обод маҳалла» дастурига киритилгани ҳақида таъкидлаб ўтишган. Лекин бироз вақт ўтиб бу уйлар бузилиши, ўрнига янги турар-жой масканлари қурилиши ҳақида гап тарқалган.
Хўш, шундай бўлса, уйлар қачон бузилади? Ҳокимият аҳолига бу ҳақда нега аниқ баёнот беролмаяпти?

Дастлаб «Шайхонтоҳур» М.Ф.Й. раиси Ниғмат Раҳимжонов билан учрашиб, қуйидаги жавобни олдик: «Мен бошқараётган «Шайхонтоҳур» маҳалла ҳудуди «Обод маҳалла» дастурига киритилган, аммо фуқаро С.Тўхтаев яшаётган 85-А уй ва унга қўшни бўлган 85 ва 86-уйлар бузилиши муносабати билан ҳалигача таъмирлаб берилмаган. Ўтган йилнинг декабрида ҳокимият мутасаддилари 85, 85-А ва 86-уйларни бузилади деб айтишганди. Лекин ҳалиям аниқ жавобни билмаймиз.
Ҳокимиятдан сўраганимда, қониқарли жавоб ололмаганман. Уйларни хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига киритиш масаласига тўхталадиган бўлсак, ушбу турар жойларда яшайдиганлар сони кам. Икки қаватли уйда атиги 8та хонадон бор. Ўз-ўзидан коммунал тўловлар ҳам кўп қаватли уйларникидан юқори бўлади. Харажатлар ўзини қопламайди. Истиқомат қилувчиларнинг кўпчилиги пенсионерлардан иборат. Уларнинг бунга қурби етмайди. Банкдан кредит олиб таъмирласа ҳам бўлади, аммо уни кейин тўлаш-чи? Бу ҳақда ким бош қотиради? Бузиладиган уйлар учун қайси ташкилот маблағ ажратиб, таъмирлаб бериш масъулиятини бўйнига олади?».

Шайхонтоҳур тумани архитектори масалага қандай изоҳ берди?
Туман бош архитектори Улуғбек Раҳимов «Шайхонтоҳур» маҳалласи ҳудуди «Обод маҳалла» дастурига киритилгани, аммо юқоридаги турар жойлар бузилишга тушгани учун дастур доирасида таъмирланмаслиги ҳақида маълумот берди. Асосий сабаб 2017 йил 24 ноябрда «Ер майдонида ободонлаштириш ва бузиш ишларини олиб бориш ҳақида» Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг 1562-сонли қарори бўлди.

Унга мувофиқ, Шайхонтоҳур тумани, Лабзак кўчаси бўйида (чегара режасига асосан) турар ва нотурар жой бинолар бузилиши ҳисобига, ҳудудда ободонлаштириш ишларини олиб боришга рухсат берилган. «MUSTAHKAM QURILISH BIZNES» масъулияти чекланган жамияти бу ердаги турар жойларни бузиб, ўрнига янгисини қуриш масъулиятини ўз зиммасига олган ва аҳолига компенсация пулини тўлаб бериши лозим.

Ҳокимият нима дейди?
Шайхонтоҳур тумани ҳокимиятига фуқаро С.Тўхтаевнинг мурожаатини тақдим этдик. Ҳокимият бош мутахассиси Равшан Холматов ушбу икки қаватли уйлар тегишли тартибда бузилишга тушгани ва «MUSTAHKAM QURILISH BIZNES» масъулияти чекланган жамияти ўша ҳудудда янги уйлар барпо этиш вазифасини зиммасига олганини тасдиқлади. Ҳокимият вакилининг таъкидлашича, бузиш ишлари қачон амалга оширилиши бўйича назорат туман ҳокимлиги ваколатида эмас.
Муҳаббат Маъмирова
Мавзуга оид
09:09 / 17.02.2026
Шайхонтоҳурда Белтепа кўчасидаги хонадонда ёнғин: жабрланганлар йўқ
16:19 / 07.02.2026
Зарқайнар кўчасида ЙТҲ: икки автомашина тўқнашуви қайд этилди
08:30 / 26.01.2026
Нурафшон кўчасида учта автомобил иштирокида ЙТҲ қайд этилди
13:30 / 21.01.2026