Иқтисодиёт | 23:32 / 19.09.2018
58371
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон учун чин тарихий қадам: Халқаро кредит рейтинг ва илк суверен евробонд

Ўзбекистон ҳукумати келаси йилдан дастлабки еврооблигациялар чиқаришни кўзламоқда ва бу айрим лавозимий ўзгаришларда ҳам ўз аксини топмоқда.  HSBC’да ишлаган Одилбек Исоқов Молия вазирлиги бошқармасига бошлиқ этиб тайинланди. Бу тайинлов ҳақида хабар тарқатган Reuters'га кўра, HSBC инвестиция банки ривожланаётган мамлакатлар учун жаҳон молия бозорларида қимматли қоғозлар чиқаришни ташкил этиш бошқармаси директори лавозимида ишлаб келган Одилбек Исоқов эндиликда Молия вазирининг маслаҳатчиси ҳисобланади. Молия вазирлигининг давлат суверен, корпоратив (банк) қарз мажбуриятлари ва давлат қарзи бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган Исоқов кредит рейтингини олиш ва суверен еврооблигациялар эмиссияси жараёнини назорат қилади.

Одилбек Исоқов Ўзбекистон халқаро кредит рейтингига нима учун илдам интилаётгани ва бу муҳим заруриятга айланиб бораётгани ҳақида ўз фикрларини Kun.uz'га билдирди.

Халқаро кредит рейтинг нима? Рейтинг белгилашда асосан қандай омиллар инобатга олинади?

Халқаро кредит рейтинг, содда қилиб айтганда, бу қарз олувчининг тўлов қобилиятини аниқловчи халқаро мезондир. Асосан Moody’s, Standard & Poors (S&P) ва Fitch компаниялари томонидан чуқур таҳлил натижасида тақдим этиладиган халқаро рейтинглар жаҳон молия бозорларида кенг тан олинган баҳо саналади. Ҳар бир инвестор ўз сармоясини маълум молиявий инструмент ёки лойиҳага тикишдан олдин, энг аввало қарз олувчининг тўлов қобилиятини текширади, кейин зарур қарорларни қабул қилади.

Халқаро кредит рейтингларнинг яна бир муҳим жиҳати – молия бозорида қарз инструментлари нархини белгилашдаги ролидир. Масалан, Moody’s/S&P/Fitch бўйича Aaa/AAA/AAA  рейтингга эга бўлган Швеция, Ba1/BBB-/BBB-рейтингга эга бўлган Россия Федерациясидан 5 йил учун 1,5%  пастроқ нархда қарз олиш имкониятига эга. 

Исоқовнинг таъкидлашича, давлат учун суверен рейтинг белгилашда бир қанча омилларга эътибор берилади ва шу омилларнинг ўзгариши рейтинг агентликлари томонидан доимий равишда кузатиб борилади. Уларнинг асосийлари қуйида:

1. Макроиқтисодий барқарорлик;

  • Иқтисодий ўсиш динамикаси – ЯИМ реал ўсиш суръатлари, ўсишнинг ўзгарувчанлиги;
  • Иқтисодиёт салмоғи -ЯИМнинг АҚШ долларида миқдори;
  • Миллий даромад – Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ;
  • Иқтисодиётнинг мослашувчанлиги – Ҳар хил ташқи ва ички иқтисодий шокларга чидамлилик;

2. Институционал омиллар;

  • Институционал тизим ва самарадорлик – Жаҳон Банкининг Бошқарув кўрсаткичлари, жумладан Давлат бошқаруви самарадорлиги (Governance Effectiveness), Қонун устуворлиги (Rule of Law), Коррупцияга қарши кураш (Control of Corruption), Сўз эркинлиги ва ҳисобдорлик (Voice and Accountability), Қонунлар сифати (Regulatory Quality), Сиёсий барқарорлик ва зўравонликнинг йўқлиги (Political Stability and Absence of Violence) бўйича кўрсаткичлар;
  • Шаффофлик ва давлат идораларининг жавобгарлиги;
  • Фуқаролик жамияти ва ижтимоий интеграция даражаси;
  • Статистик маълумотларга ишонч ва маълумотлар тўплаш жараёни;
  • Бизнес муҳитининг осонлик даражаси (Ease of Doing Business);

3. Фискал соғломлик;

  • Қарз юки – Давлат қарзининг ЯИМга нисбати, давлат қарзининг давлат даромадларига нисбати;
  • Қарз тўловига қурби етиш даражаси – Давлат қарзи фоиз тўловларининг давлат даромадига нисбати, Давлат қарзи фоиз тўловларининг ялпи ички маҳсулотга нисбати;
  • Ташқи қарз – Ташқи қарзнинг барқарорлиги, молия манбаларининг турфа-хиллиги, бозор хатарларига мослашувчанлик даражаси;
  • Давлатнинг ликвидлик билан боғлиқ хатари – Асосий кўрсаткичлар, давлат харажатларини бозорда молиялаштириш имконияти;
  • Давлат корхоналарининг ва банкларининг соғломлиги – мамлакат иқтисодиёти тармоқларида тутган ўринлари, молиявий ҳолатлари, бюджетга дивидендлар миқдори ёки бюджетдан субсидия миқдори, корпоратив бошқарув, турфа хил молиялаш манбаларидан фойдаланиш имконияти;

4. Молиявий тизимнинг соғломлиги;

  • Молиявий тизимнинг соғломлиги - Банк тизимининг барқарорлиги ва ҳажми, банкларнинг молиялаштириш манбалари, аҳолининг банкларга ишончи ва пул жамғармалари;
  • Норматив ва назорат тизимининг сифати – Марказий банк фаолиятида иқтисодий эркинлик тақдим этиш ва назорат баланси;
  • Монетар сиёсатнинг ишончлилиги ва самарадорлиги – Инфляция даражаси ва ўзгарувчанлиги;
  • Молиявий тизимнинг шартли қарз мажбуриятлари

5. Сиёсий омиллар – Ички сиёсий барқарорлик ва геосиёсий омиллар;

  • Сиёсий барқарорлик – мамлакат ичидаги сиёсий кучлар мувозанати, ички ғалаён ёки қўзғолон хатари, миллий ёки диний низолар хавфи, террор ҳужумлари хавфи;
  • Геосиёсий омиллар – қўшни мамлакатлар билан мавжуд низолар, уларнинг сабаблари ва давомийлиги, йирик давлатлар билан муносабатлар, халқаро сиёсий ташкилотлардаги фаолияти.  

Рейтинг агентликлари юқоридаги омилларни ўта синчковлик билан ўрганиб, ҳар бир хатарни стресс тестларидан ўтказишади. Бошқа тенг рейтингдаги мамлакатлар билан қиёслаб, ҳар бир мамлакатнинг кучли ва заиф тарафларини таҳлил этишади. Ва оқибатда улар мамлакат учун ўзларининг рейтингларини тақдим этишади.

Энг аҳамиятли жиҳати – рейтинг бу бир марталик баҳо эмас, балки ҳар доим янгиланиб турадиган баҳо. Шунинг учун рейтинг олган мамлакатлар доимий равишда халқаро рейтинг агентликлари кузатувида бўлиб, ҳар бир муҳим ўзгариш мамлакатнинг тўлов қобилиятини ўсиши ёки пасайиши нуқтаи назаридан таҳлил этилади. Натижада, суверен рейтинг юқорилаши ёки пастлаши мумкин.

«Юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар давом этмоқда. 32 миллион аҳолиси бор Ўзбекистон ҳақиқий маънода ўзгармоқда ва бу ижобий ўзгаришлар жаҳон ҳамжамияти томонидан кузатилмоқда ва кенг эътироф этилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати учун хорижий инвесторларни иқтисодиётимизга жалб этиш юксак аҳамият касб этади. Олдимизда турган муҳим вазифалардан бири халқаро суверен рейтингини олиш ва жаҳон молия бозорларида Ўзбекистон Республикасининг илк суверен Евробондини чиқаришдан иборатдир. Бу амаллар мамлакатимизнинг хорижий инвестициялар учун очиқлигини яна бир бор исботлайди», дейди Молия вазири маслаҳатчиси Исоқов.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид