Иқтисодиёт | 11:02 / 20.09.2018
12036
2 дақиқада ўқилади

АҚШда янги иқтисодий инқироз қачон юз бериши мумкинлиги маълум қилинди

Фото: Brian Snyder / Reuters

Америкалик миллиардер, Bridgewater Associates инвестиция компанияси асосчиси Рей Далио жаҳон иқтисодиётининг ҳолатини баҳолади ва келгуси бир неча йил ичида янги молиявий инқироз юз бериши мумкин, деган хулосага келди. У бу ҳақда Business Insider'га берган интервьюсида айтди.

Далионинг айтишича, иқтисодий цикл бир неча босқичга бўлинади. Аввалига қарзлар ишлаб чиқаришдан тушадиган даромад билан бирга ўсади ва активлар қиймати ҳам ошади. Кейинчалик марказий банклар қарздорликнинг ўсиши сабабли пул-кредит сиёсатини кучайтиришга киришадилар.

Молиячининг таъкидлашича, шундан сўнг фоиз ставкалари деярли нолга яқинлашади ва иқтисодиёт депрессия босқичига киради, бу марказий банкларни активларни сотиб олиш ҳамда миқдорий юмшатиш сиёсатини қўллашга мажбур қилади.

«Менинг фикримча, биз яшаётган давр ўтган асрнинг 30-йиллари билан жуда ўхшаш», - дейди Далио. Унинг қайд этишича, ҳозирги иқтисодий ва сиёсий вазиятни Буюк депрессия даврига ўхшатиш мумкин.

Бундан ташқари, миллиардернинг таъкидлашича, бундай шароитда камбағаллар ва бойлар ўртасидаги тафовут ўсиб боради - бу, унинг фикрига кўра, популистик риториканинг ошишига олиб келади.

Мавзуга оид