Жамият | 17:17 / 20.09.2018
18787
6 дақиқада ўқилади

«Чиқинди бўлгандан кейин ҳиди чиқади-да» - Юнусободдаги маҳалла муаммоларига мутасаддиларнинг муносабати

Бугунги кунда фуқароларимизнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳар бир фуқарони қийнаётган муаммоларга ечим топиш, уларни рози қилиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

«KUN.UZ» таҳририятига Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, «Тикланиш» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Ижодий гуруҳ маҳалла сари йўл олди. Одамлар дардини тингладик. Маълум бўлишича, шу маҳаллага яқин жойда Чиқиндиларни қайта юклаш ва утилизация қилиш Юнусобод туман шохобчаси жойлашган экан. Мазкур шохобчанинг қурилиши Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Гулер кўчаси, 60-уй манзилда, илгари саноат зонаси бўлган ҳудуддан ер ажратилган. Қурилиш ишлари 1998 йилда бошланиб, 2004 йилда фойдаланишга топширилган. Қурилган вақтда атрофида аҳоли яшаш жойлари бўлмаган. Шохобчадан чиқаётган бадбўй ҳид маҳаллагача бориб, шу ерда истиқомат қилувчиларни қийнамоқда.

«Бир қанча жойларга мурожаат қилдик, лекин бир ҳафта яхши бўлиб қолади-да яна сасий бошлайди. Бундай ҳолат қачонгача давом этади ахир?», дейишди мурожаатчилар.

Шундан сўнг реал вазиятни ўрганиш учун шохобчага бордик. Пишиқчилик мавсуми бўлгани сабабли аҳоли томонидан бу ерга органик чиқиндилар (тарвуз, қовун ва бошқа сабзавот-меваларнинг пўчоқлари) олиб келиб ташланар экан. Ажабланарлиси шуки, корхона мутасаддиларининг изоҳига қараганда, ушбу шохобча ишга туширилган вақтда бу яқин атрофда маҳалла, уй йўқ бўлган. 

«Биз ҳам ишлаяпмиз, лекин нима қилайлик, чиқинди бўлганидан кейин ҳид чиқади-да», дея ўз изоҳини билдириб ўтди мутасаддилардан бири.

Масаланинг яна бир қизиқ томони шуки, шу маҳаллада истиқомат қилаётган фуқаролар уй қуриб, кўчиб келишдан олдин бу шохобча борлигини билишмаганми? Ёки бўлмаса шохобча қоида бўйича ишламаяптими?

Тасвирга олиш жараёнида шохобчада чиқинди сувлари кўлмак бўлиб турганига ҳамда «Махсустранс» машиналаридан чиқинди сувлари оқиб кўчага тушаётганига гувоҳи бўлдик. Корхона раҳбарларининг таъкидлашича, чиқинди сувларни улар қабул қилмасликлари керак экан.

«Лекин нима қилайлик, чиқинди билан шарбат ҳам келяпти, ҳамма ҳид шундан тарқалади ўзи», деб таъкидлаб ўтди улардан бири.

Маҳалла фуқаролари ва шохобча раҳбарлари анча вақт муаммога ечим топишга ҳаракат қилиб кўришган, бироқ бир неча йиллардан буён чўзилиб келган муаммо ҳал бўлмаган. Фуқаролар кўпдан бери шохобчанинг маҳаллага қараган тарафидан девор кўтариб, дарахт экишни илтимос қилишганини, лекин шохобча томонидан ҳалигача бу илтимос бажарилмаганини таъкидлашди. Ҳақиқатан ҳам уйлар шохобчага яқин жойда қурилган.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши, уларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиб ташлаш ва реализация қилишни назорат қилиш инспекцияси Тошкент шахар бошқармасига бориб, бу масала бўйича изоҳ сўрадик. Юнусобод туман давлат санитария-эпидемиология назорат марказидан ҳам изоҳ олдик. 

Биз билан суҳбатлашган мутахассиснинг фикрича, уйлар қоида бўйича чиқинди йиғиш шохобчасидан 500 метр узоқликда жойлашган бўлиши керак. «Тикланиш» маҳалласи керакли масофа бўйича қурилган. Фақат шамол йўналиши баъзида шу маҳалла тарафга эсади. Лекин чиқинди йиғиш шохобчаси белгиланган тартибда ишласа, бадбўй ҳид камайиб, фуқароларни безовта қилмайди.

«Ҳозирча бизга текшириш мумкин эмас. Агар рухсат беришса, бориб текширамиз», дейишди бошқармадагилар.

Демак, Чиқиндиларни қайта юклаш ва утилизация қилиш Юнусобод туман шохобчаси белгиланган тартиб билан ишласа, чиқинди ташиш транспортларининг чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилиши назоратга олинса, уларни тозалаш, ювиш, дизенфекция қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилса, чиқиндилардан ҳосил бўлган кўлмак сувлар тўпланишига йўл қўйилмаса:
- биринчидан, бадбўй ҳидлар камаяди;
- иккинчидан, камайган ҳид маҳаллагача етиб бормайди;
- учинчидан, бундай тушунмовчиликлар, муоммоларнинг олди олинади. 

Шу билан бу маҳаллада ишимиз тугади деб кетишга отланиб турган эдик, бизни ушбу маҳалланинг Майқўрғон ва Юқори Қорақамиш кўчаларида жойлашган чорраҳа томон бошлашди. Чорраҳада машиналарнинг ҳаракатланиш даражаси юқори, аммо буни ҳеч ким тартибга солмаётганига гувоҳ бўлдик. «Биз шу чорраҳага светафор қўйиб берилишини сўраб, бир неча бор мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик. Лекин жавоб хатида «Технический средства организаци дорожного движения. Правила применения» ГОСТ А 23457-86 бўйича ўрганилади» деб жавоб берилди. 

Эрталаб ва тушдан кейин қийналяпмиз. Фарзандларимиз мактабга, боғчага боришади. Биз доим хавотирдамиз, эртароқ светофор ўрнатилса яхши бўларди», дейишди ўша ерда истиқомат қилувчилар. 

Муаммоларни таҳлил қилишга ҳаракат қилиб кўрдик. Шохобча қурилган вақтда атрофида уйлар бўлмаган, аҳоли кейинчалик шохобча атрофига кўчиб келишган. Ҳар бир инсон қаерга кўчиб бораётгани ҳақида, албатта, маълумотга эга бўлади. Чунки бир умр яшайдиган жойи. Лекин одамлар кўчиб келишганида бу ерда нохуш ҳид бўлмаган. Кейинчалик иш ҳажми ортгани, технологиялар эскиргани ёки ўрнатилган тартиб бўйича ишламаслик оқибатида нохуш ҳид маҳаллагача борадиган бўлган.

Ушбу ҳолат тегишли ташкилотлар томонидан назоратга олиниб, мониторинг ишлари доимий олиб борилса, ўйлаймизки, бу каби муаммолар бўлмайди. Чорраҳага светофор ўрнатиш масаласини ҳам тегишли ташкилот мутасаддилари инобатга олса, нохуш ҳолатларнинг олди олинарди. Ахир асосий мақсад халқни рози қилиш эмасми?

Раҳматилло Исроилов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид