Жамият | 11:11 / 20.09.2018
16722
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда ЙҲХБ бошлиғи матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб берди

Самарқанд вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида илк марта маҳаллий журналистлар иштирокида матбуот анжумани ташкиллаштирилди.

Унда вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи, полковник Абдунаби Носиров ҳафтанинг жума кунлари «Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни» ва ҳар ойнинг учинчи жумасида «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилаётгани ҳақида маълумот берди.

«Автомобилсиз кун» акциясини ўтказишда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бузилишини камайтириш назарда тутилган бўлиб, бу акция мажбурий эмаслигига алоҳида урғу берилди. Бироқ бутун дунёда бўлиб ўтаётган тенденциядан четда қолмаслик, аҳолига бу борада тушунтириш бериш учун ҳам ЙҲХБ оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш тақозо этилаётгани айтиб ўтилди.

Йиғилишда сўзлар экан, Абдунаби Носиров вилоят йўлларида ўлим ва оғир жароҳат билан тугайдиган автоҳалокатларнинг олдини олиш учун йилнинг 8 ойи мобайнида қандай ишлар амалга оширилганини ҳам сўзлаб берди.

Жумладан, энг қийин участкаларда фоторадарлар ўрнатилгани, автомобиль ва радар муляжларлари қўйилгани йўлларда нохуш ҳодисаларнинг олдини олишда катта ёрдам бераётганини алоҳида санаб ўтди.

Жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида вилоят ИИБ ЙҲХБнинг «Telegram», «Facebook» ижтимоий интернет тармоқларида аккаунтлари очилиб, фуқаролар томонидан келиб тушган таклифлар ўрганилиб, йўл ҳаракати иштирокчилари томонидан аниқланиб сайтга жойлаштирилган 300дан ортиқ қоидабузарликлар бўйича қонуний чоралар кўрилгани айтилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 377-сонли Қарорида 2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясига асосан Давлат ЙҲХ хизмати ҳузурида Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиб, унинг асосий вазифалари қаторида ДЙҲХХда тарғибот инспекторлари сонини ошириш ва махсус техника билан тегишли тарзда жиҳозланган ташвиқот бўлимини ташкил этиш, юқори малакали мутахассисларни (мухбир, оператор, журналист ва бошқалар), шунингдек, IT-мутахассисларни ДЙҲХХга шартнома асосида ишга жалб қилиш, йўл ҳаракати иштирокчиларига ҳар томонлама, шу жумладан, техник, маслаҳат ва бошқа ёрдам кўрсатувчи «Йўл посбони» тузилмасини ташкил этиш назарда тутилгани ҳақида тушунча берилди.

Вилоят ЙҲХБ бошлиғи Самарқанд шаҳрида ЙПХ инспекторлари етишмаслиги, уларнинг сони 50 нафар экани, уларнинг 10–12 нафари тунги сменада ишлаши, вилоятга кунора хорижий ва бошқа делегациялар ташриф буюраётгани, уларни кузатиб боришга ҳам ходимлар жалб қилинаётганини айтиб ўтди. Жумладан, делегацияларни кузатиш учун пойтахтдагидек алоҳида отряд ташкил этиш, йўлларда хавфсизликни таъминлаш учун ходимлар учун қўшимча штатлар ташкил қилиш борасида ИИВга таклифлар берилганини айтиб ўтди.

Абдунаби Носиров матбуот анжуманига йиғилган журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб берди. Шунингдек, журналистлар томонидан вилоятда йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашда ёрдам берувчи таклифлар ҳам янгради. Айрим таклифлар жуда ўринли эканлиги қайд этилди ва йиғилишда қатнашган ИИБ ЙҲХБ ходимлари айтилган таклифларни ёзиб олишди.

Носиров ИИБ ЙҲХБ ва журналистлар билан бундай форматдаги матбуот анжумани ва брифинглар энди мунтазам равишда йўлга қўйилишини алоҳида таъкидлади.

 

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид