Жамият | 18:05 / 25.09.2018
10353
3 дақиқада ўқилади

“Болалар китоби” республика фестивали ва китоблар кўргазмаси бошланди

2018 йил 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига асосан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ташкил этилган “Болалар китоби” республика фестивали ва китоблар кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 

Ушбу фестиваль ва кўргазма Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлиги, шунингдек, вилоятлар Матбуот ва ахборот бошқармалари томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги” шиори остида ўтказилмоқда.

Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 

“Болалар китоби” республика фестивалини ўтказишдан кўзланган мақсад – болалар ўртасида китоб мутолаасини тарғиб этиш ва китобхонлик маданиятини шакллантириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий савиясини юксалтириш ҳамда уларни мамлакатимизда фаолият юритаётган кутубхоналар ва болалар нашриётлари билан яқиндан таништириш.

Фестиваль доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг кутубхона фондидан жой олган болалар адабиёти намуналари кўргазмаси, мамлакатимизнинг етакчи нашриётлари томонидан нашр этилган болалар китоблари, жумладан, мумтоз адабиёт намуналари, энг сара бадиий, маънавий-маърифий, энциклопедик китоблар тақдимотлари бўлиб ўтмоқда, шунингдек, чегирмали китоб савдоси ташкил этилмоқда. Ёш китобхонлар учун болалар шоирлари, ёзувчилари ҳамда болалар адабиёти нашриётларининг ноширлари билан ижодий учрашувлар ўтказилмоқда.

Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 

Эслатиб ўтамиз, “Болалар китоби” республика фестивали ва китоблар кўргазмаси Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида 2018 йил 25-26 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Мавзуга оид