Ўзбекистон | 23:50 / 25.09.2018
24487
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи дастури маълум қилинди   

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27-28 сентябрда Душанбеда ўтадиган Мустақил Ҳамдўстлик Давлатларига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.  

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, саммит кун тартибига турли соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва истиқболларига тааллуқли кенг доирадаги масалалар киритилган. Шунингдек, давлатлар раҳбарлари МДҲда 2019 йилда раислик қилиш, кенгашнинг навбатдаги йиғилиши санаси ва жойини белгилаш каби масалаларни кўриб чиқишади, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашишади.

Йиғилиш натижаларига кўра, кўплаб ҳужжатлар, жумладан 1948 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан МДҲ давлатлари раҳбарлари баёнотлари, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига тайёргарлик ва уни нишонлаш бўйича асосий тадбирлар режаси, 2019-2023 йиллар учун жиноятчиликка қарши биргаликдаги чоралар давлатлараро дастури, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши кураш бўйича ҳамкорлик ҳақидаги келишув қабул қилинади.

Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи дастурига, шунингдек, Душанбеда бир қатор учрашувлар ўтказиш ҳам киритилган.

Мавзуга оид