Жамият | 18:19
983
3 дақиқада ўқилади

Бекободда янги соҳил, музей ва боғ: президент амалга оширилган ишлар билан танишди

Шавкат Мирзиёев 13 июль куни Бекобод шаҳрига ташрифи чоғида янги инфратузилма ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишди. Президент маҳалла фаоллари билан мулоқотда амалга оширилаётган барча ишлар аҳоли турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилиши ва одамлар ислоҳотлар натижасини ўз маҳалласида ҳис қилиши лозимлигини қайд этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 13 июль куни Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига ташрифи давомида “Хос ёз” канали бўйи ва Дўстлик маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Қайд қилинишича, ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича мастер-режа доирасида 3 километр узунликда махсус пиёдалар йўлаги ва 5,4 километрлик мустаҳкам тўсиқлар қурилди, 2 та кўприк қад ростлади. Шунингдек, лойиҳа натижасида соҳил бўйида 27 та янги савдо ва замонавий хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилиб, 167 та янги доимий иш ўрни яратилди.

Давлат раҳбари бу ерда спорт билан шуғулланаётган ёшлар билан суҳбатлашди.

Дўстлик маҳалласи ҳудуди ҳозир 28 гектарни ташкил этади. Бу ерда 33 та кўп қаватли уй, хусусий мактабгача таълим ташкилоти, футбол майдони, 16 та спорт ва болалар майдончаси ҳамда кутубхона мавжуд.

Таъкидланишича, жорий йилда тадбиркорлар томонидан 1,1 миллиард сўм инвестиция киритилиб, 10 та хизмат кўрсатиш объекти ва 1 та умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этилди. Натижада 25 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, ташаббускорлар маблағлари ҳисобидан “Ватанпарвар боғи” ҳам барпо қилинди. Унда ҳарбий техника намуналари ўрнатилиб, хизмат кўрсатиш объектлари қурилди.

“Ташаббусли бюджет” маблағлари ҳисобидан маҳалла ҳудудида Бекобод шаҳри музейи ташкил этилди.

Маҳаллада кексалар ва меҳнат фахрийларининг дам олиши, учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун ёғоч конструкцияли ёзги шийпон қад ростлади.

Давлат раҳбари маҳалладаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди. Маҳалла фаоллари ва меҳнат фахрийлари билан самимий мулоқот қилди.

– Барча амалга ошираётган ишларимиз, барпо этилаётган объектларимиз ва лойиҳаларимиз, аввало, аҳолига хизмат қилиши, инсонлар ҳаётини яхшилаши керак. Одамлар ўз маҳалласида, шаҳрида кечаётган ўзгаришларни ҳис қилиши, уларнинг самарасини кундалик ҳаётида кўриши керак.

Ҳар сафар ҳудудларга келганимизда инсонлар Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг нафасини, унинг янгиланиш ва тараққиёт шабодасини ҳис этиши зарур. Бекобод шаҳри ҳам ўзининг меҳнаткаш ва фидойи аҳолиси, иқтидорли ёшлари, ҳаёт тажрибасига эга нуронийлари билан янада обод ва тараққий этган масканга айланиши керак.

Биз ёшларимизнинг орзу интилишлари, нуронийларимизнинг эзгу ният ва мақсадлари рўёбга чиқиши учун барча имкониятларни сафарбар этамиз, – деди президент.

Шу билан президентнинг Бекободга сафари якунланди ва Тошкентга қайтди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид