Узбекистан | 19:45 / 26.09.2018
23737
4 дақиқада ўқилади

27 сентябрь — Халқаро Туризм куни

Фото: Flickr

Халқаро Туризм куни муносабати билан 27 сентябрь куни Ўзбекистонда қатор тадбирлар бўлиб ўтади. Жумладан, "Халқаро Туризм куни дастури"га мувофиқ, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари  Саидакбархон Акбаров Яккасарой туманидаги 118-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари билан учрашиб, улар билан  “Ўзбекистонда туризмга эътибор”, “Ёшлар ва туризм” мавзуларида суҳбатлашади. Шунингдек, Юнусобод туманидаги Тошкент Туризм коллежида ҳам шу мавзулардаги тадбирлар бўлиб ўтади. Туризм соҳаси вакиллари ёшларни бу йўналишда олиб борилаётган ишлар билан таништириб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб беришади.

1970 йил 27 сентябрь куни  Испаниянинг Торремолино шаҳрида  Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Устави қабул қилиниб, унинг Бош ассамблеяси томонидан мазкур санани Халқаро Туризм куни сифатида нишонлаш белгиланди.  Мақсад — туризмни тарғибот қилиш, унинг жаҳон ҳамжамияти  иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини  оммавий ахборот воситаларида ёритиш, турли мамлакатлар аҳолиси ўртасидаги муносабатларни янада яхшилашдан иборат. Шунингдек, ҳар бир инсон ўзини сайёҳ сифатида ҳис қилиб,  Она  сайёрамизнинг гўзал, бетакрор табиати,  маданий, тарихий ва табиий ёдгорликларини ўрганиши, уларни асраб-авайлашга ўз ҳиссасини қўшишидир.  Глобаллашув шароитида  тезкорлик билан ахборот алмашиниши  натижасида инсонларда дунё мамлакатлари билан танишишга қизиқиш кучайиб бормоқда. Бу ўз навбатида туризм соҳасининг ривожланишига олиб келди.  

Соҳа ривожининг тарихига назар ташласак: Т.Кук 1841 йили поездда саёҳат ташкиллаштирган, саёҳат 1 шиллинг турган. Сайёҳларга иссиқ чой, ширин кулча берилиб, йўл давомида оркестр мусиқа чалиб турган. Биринчи сайёҳлик агенти 1847 йили Германияда ташкил этилади.  ХХ асрга келиб эса, сайёҳат қилиш инсон дунёқарашини кенгайтириш, бошқа халқлар ҳаёти билан танишишнинг асосий воситаси бўлишга улгуради.

 27 сентябрда аксарият дунё мамлакатларида Халқаро Туризм куни байрам сифатида нишонланиб, шу куни туризм йўналишларига бағишланган  турли хил тадбир ва фестиваллар ўтказилади. Бугунги кунда мазкур соҳада фаолият юритаётганлар сайёҳларга ҳар томонлама қулай ва хавфсиз шароит яратиб беришга ҳаракат қилишмоқда. 

Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълум қилишича, дунё ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг ўндан бир қисми, халқаро инвестицияларнинг 11 фоиздан ортиғи туризм ҳиссасига тўғри келади. Бутун дунё бўйича сайёҳлар оқими йилига 4-5 фоизга ўсмоқда.

Туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга Ўзбекистон ўзининг қадимий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, хушманзара табиати ва файзли гўшалари билан сайёҳларни ўзига ром этмоқда. Маълумотларга кўра, юртимиз сайёҳлик кўлами ва тарихий жойлар сони бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Ўзбекистонда етти мингдан ортиқ меъморий ва археологик обида мавжуд. Бундай бебаҳо мерос халқимизнинг битмас­ туганмас бойлиги ҳисобланади.

Мавзуга оид