Эл суйган таниқли ҳофиз Маъмуржон Узоқов ижросидаги “Бу гулшан соз экан...” ашуласи кўпчилигимизнинг севимли таронамизга айланган. Халқимизнинг бетакрор маданий мероси – мақом санъатини ҳам беназир гулшанга менгзаш мумкин. 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжумани эса “устига соз этгани” келгувчилар билан гавжум бўлиши шубҳасиз.

Мақом тарихидан

Илк бор VII-VIII асрларда халқ мусиқаси негизи ва маҳаллий профессионал ижрочилик анъаналарининг ривожи йирик туркумли жанрлар шаклланишига олиб келди. Жумладан, Борбад ижодига мансуб “Ҳусравоний” туркуми. IX-X асрларда мақомсимон чолғу ва ашула-чолғу асар ва туркумлар ривожланади. XI-XIII асрлардан бошлаб, то XVII асргача Яқин ва Ўрта  Шарқда “Дувоздаҳмақом” – 12 мақом туркуми кенг тарқалиб, мусиқа амалиётида қўлланиб келди.

XVIII асрда Бухорода янги туркум – “Шашмақом” узил-кесил шаклланди. XIX асрда “Хоразм мақомлари” туркуми ва Фарғона-Тошкент мақом йўллари вужудга келади. Кейинчалик “Шашмақом” ва бошқа туркумлар асосида мақом асарларининг янги услублари ва кўринишлари замонавий талқинда ривож олади.

Мақомчилик санъати қонунларини шарҳлаш, асослаш, мусиқа назарияси ва амалиётига оид масалалар IX асрдан бошлаб мусиқий рисолаларда ўз аксини топди. Мақомларни тартиблашда, муайян тизимга туширишда Урмавий ва Шерозийнинг (XIII-XIV аср) хизматлари катта.

XX асрда мақомчилик санъати ривожланиб, етук созандаю хонандалар ва  бастакорлар ижоди ва репертуарларидан ўрин олди. Улар замонавий нота ёзувлари орқали тўпламлар сифатида нашр этилди, уларни назарий ва амалий ўзлаштириш ишлари амалга ошди.

2007 йили Исоқ Ражабовнинг “Мақомлар” номли йирик рисоласи ЮНЕСКО томонидан нашр этилди. 2003 йил ноябрь ойида “Шашмақом” ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий   маданий мероси дурдонаси” деб тан олинди. 2008 йили умумжаҳон Репрезентатив рўйхатига киритилди.

Ривоят

Темурийлар даврида яшаган Хожа Абдулқодир Мароғий, манбаларда зикр қилинишича, Соҳибқирон ғазабига учрагач, бир қанча вақт ёлғиз яшаб, қаландарона ҳаёт кечирди.

Кунлар ўтди. Саркарда ўз лашкари билан Ироққа юриш қилиш ҳаракатига тушди. Бундан хабар топган Абдулқодир Амирнинг қулоғига етиб борадиган бир назм тузишга қарор қилди. Шундай хаёл билан, у бир ғазал битди, уни басталади. Сўнг темирчига бориб, шу куй нағмаларини ҳосил қилувчи ҳар хил катталикдаги қўнғироқчалар ясатди. Сарбон билан келишиб, бу қўнғироқчаларнинг қайси туяга осилиши кераклигини ҳам келишиб олди ва куйни бехато ҳосил қиладиган бир тартибда туяларга остирди. Карвон йўлга чиқди. Туялар ҳаракатга келиб юра бошлагач, белгилаб қўйилганидек куй чалина бошлади. Соҳибқирон мусиқа илмидан хабардор эди, мусиқани яхши тушунарди. Қўнғироқчалардан таралаётган бу ёқимли куй Амирни бефарқ қолдирмади. Бу куй Ироқ мақоми йўлида яратилган бўлиб, уни бастакор “Амали тарона” деб атаган эди. Темур куйга эътибор қилар, куй эса ўз оҳангидан адашмасди. Шунда у сарой мусиқашуносларининг пешқадами бўлиб қолган, айни пайтда бош хонандалик вазифасида турган ва ушбу тадбирдан огоҳ Хожа Абдуллоҳ Лорийни ҳузурига чорлаб, унга деди: