Британиянинг UKEF агентлиги “Ўзбекнефтгаз” лойиҳаларида иштирок этиши мумкин
“Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти Британиянинг Экспорт молиялаштириш агентлиги бош ижрочи директори Луи Тейлор билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz’га “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувда, шунингдек, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Британиянинг Экспорт молиялаштириш агентлиги (UKEF) ўртасида Ўзбекистон Республикаси нефт ва газ саноати соҳасидаги инвестицион лойиҳаларни 1,25 миллиард фунт стерлинг миқдорида молиялаштириш бўйича Меморандум имзоланган эди.
Ҳужжат жорий йилнинг апрель ойида Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида Британия-Ўзбекистон энергетик форуми доирасида имзоланганди.
Мазкур учрашув эса UKEF’нинг “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришдаги иштироки бўйича аниқ қадамлар муҳокамасига қаратилди.
Британия томонига “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолияти, нефт ва газ саноатида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар ҳамда соҳада ва умуман мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича кенг маълумот тақдим этилди.
Томонлар Буюк Британиянинг UKEF агентлиги томонидан молиялаштиришни таъминлаш бўйича асосий шартлар ҳақида батафсил суҳбатлашдилар.
Бундан ташқари, UKEF вакиллари томонидан инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда янада кўпроқ иштирок этиш таклифи илгари сурилди – нафақат молиялаштиришда, балки энг сўнгги жиҳозлар ва хизматларни етказиб берувчи Британия компанияларини излаб топишда.
Икки томон ҳам ҳамкорлик мақсадлари ва олдинга қўйилган вазифалар умумийлиги бўйича англашув юқори даражада эканлигини қайд этиб, қўшма режаларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар борасида келишиб олдилар.
Мавзуга оид
20:45 / 12.11.2024
Англияда биринчи аккумуляторли поезд синовдан муваффақиятли ўтди. У соатига 120 км тезликка чиқди
18:15 / 12.11.2024
Буюк Британия мудофаа эҳтиёжлари учун ядровий ёқилғи ишлаб чиқаришни қайта тиклаши мумкин
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
00:46 / 10.11.2024