Жамият | 17:38 / 26.09.2018
14844
3 дақиқада ўқилади

Булунғурда мактабнинг сифатсиз таъмирланиши қачонгача давом этади?

Булунғур туманидаги 23-умумий ўрта таълим мактаби биносида давом этаётган капитал таъмирлаш жараёнини жамоатчилик эътирози асосида ўрганар эканмиз, қуйидаги салбий ҳолатга дуч келдик.

Мактаб директори Ўктам Раҳимовнинг айтишича, ушбу мактаб 998 ўринли бўлиб, айни вақтда бу ерда 1570 нафар ўқувчи таълим олмоқда.

Мактаб биносини капитал таъмирлаш март ойида бошланган ва жорий йилнинг 1 октябрига қадар тугалланиши белгиланган. Лекин таъмирлаш ишлари белгиланган муддатда тугалланиши даргумон.

Айни вақтда мактабнинг таъмирлаши тугалланган бир қисмида ўқувчилар таълим олмоқда. Аммо таъмирлаш ишлари жуда ҳам сифатсиз амалга оширилган.

Яқинда ўрнатилган янги эшиклар талабга умуман жавоб бермайди. Айримлари йиқилар даражада. Ўқитувчилар ўқувчилар синфга кириб олгунча эшик йиқилиб кетмаслиги учун ушлаб туришар экан.

Синфхоналарнинг поли номигагина таъмирланиб, ямаб, бўяб қўйилган. Дераза ромларига ойналар тўлиқ ўрнатилмаган. 

Айни вақтда мактаб спорт зали турли буюмлар билан тўлиб-тошган.

Ўқувчилар талабга жавоб бермайдиган, асфальтли ўйингоҳда машғулот олиб боришади.

Таъмирлаш ишлари «Оқдарё Бунёдкор» корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.

Биз ўрганиш жараёнида ўзини прораб деб таништирган Ҳалим Жумаевдан сифатсиз таъмирлаш ишлари юзасидан изоҳ сўрадик.

«Камчиликларимиз бор», – дейишдан нарига ўтмади у ва бу ҳолатга ҳеч қандай изоҳ бера олмади.

Мактаб директори Ўктам Раҳимов таъмирлаш ишларидан жуда норозилигини билдирди.

– Мактабнинг бир қисми ҳанузгача фойдаланишга топширилмади, – дейди Ў.Раҳимов. – Ўқув жараёни давом этаётган бино ҳам жуда сифатсиз таъмирланган. Ҳолатни ўзингиз кўриб турибсиз. Бундай шароитда таълим сифатига ҳам жиддий путур етади.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул бўлган ўринбосари Раббимқул Холжигитовдан изоҳ сўрадик.

– Мен яқинда иш бошладим ва ушбу мактабдаги ҳолат билан танишдим, – дейди у. – Мавжуд муаммони чуқурроқ ўрганиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширамиз.

Камчиликларни бартараф этган яхши. Аммо туман ҳокимлигининг бошқа бир муносабати бизни бироз ранжитди. Яъни, туман ҳокимлигининг қурилиш масалалари бўйича бош мутахассиси Алишер Элмуродовдан ушбу мактабдаги таъмирлаш ишлари юзасидан маълумот сўраганимизда, дастлаб барча маълумотларни беришини билдирган мутахассис кейинчалик турли важлар билан бу маълумотни тақдим этмади. Бир неча бор қилган мурожаатларимиз ҳавога учди.

Қурилиш фирмалари қачонгача сифатсиз қурилиш ва таъмирлашларни давом эттиради? Бу каби салбий ҳолатлар қачон барҳам топади? Уларни назорат қиладиган масъул ташкилотлар йўқми?

Биз мактаб биноси таъмирланишидаги камчиликлар тез орада бартараф этилишига умид қиламиз ва бу мавзуга яна қайтамиз.

 Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид