Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Қамайман деб тазйиқ ўтказган” – Самарқандда ИИБ ходими ўсмирнинг ўлимига сабабчи бўлди
Булунғур туманида ўзига ўт қўйган 17 ёшли ўсмир кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай 2 ойдан сўнг вафот этди. Марҳумнинг яқинларига кўра, у профилактика инспекторининг қамайман, дея қилган таҳдидидан қўрқиб, ўз жонига қасд қилган. Инспектор эса бу даъвони туҳмат деб атаган ва боланинг ўлимида айби йўқлигини билдирган. Суд уни 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилди ва суд залидан қамоққа олди.
Иллюстратив фото
Булунғур тумани ИИБ профилактика инспектори жиноий жазога тортилди. Унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Пайариқ туман судида кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, 1986 йилда туғилган И.Х. Булунғур тумани Килдон маҳалласи профилактика катта инспектори лавозимида фаолият юритиб келган.
2025 йил 20 феврал куни Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасига 2008 йилда туғилган вояга етмаган Б.Б. амакисига тегишли Cobalt машинасини ўзбошимчалик билан бошқариб кетгани ҳақида хабар келиб тушади. Профилактика инспектори И.Х. 21 феврал куни Б.Б.ни қариндошлари билан бирга излаб, Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани ҳудудидан топган. Сўнгра ходим ўсмирни уйига олиб борган ва унинг онасидан ўғлини олиб келиш учун Зарбдор туман ички ишлар ходимларига 400 минг сўм берганини айтиб, ушбу миқдордаги маблағни банк картасига ўтказиб олишга эришган.
Шундан сўнг, профилактика инспектори “Бу бола қамалади, энди қонун олдида жавоб бериши керак” дея қўрқитиб, Б.Б.ни қариндошлари ёнидан олиб чиқиб кетган. Бироқ профилактик тадбир ўтказмасдан ёки бирор ҳужжат расмийлаштирмасдан Б.Б.ни тунги вақтга қадар ўзи билан олиб юрган. Соат 22:30 ларда вояга етмаган йигитнинг онаси К.Қ.га қўнғироқ қилиб, фарзандини ИИБ маъмурий биносидан олиб кетишни айтган. Аммо К.Қ. келмагач, Б.Б.ни соат 23:00 ларда яшаш уйига олиб келиб, қариндошларига қолдириб кетган.
Б.Б. қилган қилмиши учун қамалиши ҳақида айтилган гаплардан қўрқувга тушиб, 2025 йил 22 феврал куни яшаш уйи молхонасида дизел ёқилғисини устига сепиб, ўзига ўзи ўт қўйган. Бунинг оқибатида оғир даражадаги куйиш жароҳати билан шифохонага ётқизилган. У кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай 2025 йил 6 май куни шифохонада вафот этган.
Профилактика инспектори И.Х. судда айбига қисман иқрорлик билдирган ва Б.Б.нинг ўлимида айби йўқлигини, унга таҳдид қилмаганини, марҳумнинг яқинлари унга туҳмат қилаётганини айтган.
“Б.Б.дан нега бундай қилганини сўраганимда у амакиси уйидаги товуқ ва ғозига қарамагани учун урганини, шундан сўнг қўрқиб, машинани бошқариб кетганини маълум қилди. Зарбдор туманида Б.Б. “Ака, сизда гапим бор, 400 минг сўм бериб туринг, телефонимни олай, фақат акам билмасин. Агар билса мени ўлдиради, унинг характери ёмон” дея ялина бошлади. Чўнтагимдан 400 минг сўм пул олиб, Б.Б.га тутқаздим. У ёши ўзи тенги бола билан гаплашиб, Saмsung А53 телефонини олиб келди ва “Сизда туриб турсин, уйда онамдан пул олиб бераман” деди. Шундан кейин Булунғур туманига қайтдик.
Б.Б.ни уйига олиб борганимда онаси чиқиб, “қаерга ташлаш керак ўғлим олган пулни?”, деб сўради. Онамнинг номига очилган банк картаси рақамини айтдим. К.Қ. 400 минг сўм ўтказиб берди. Мен Б.Б.нинг онаси ва қариндошларидан пул сўраганим йўқ. Б.Б.ни фош этилмаган жиноятларни унинг бўйнига қўйиш билан қўрқитмаганман. Бу – туҳмат”, деган профилактика инспектори суддаги кўрсатмасида.
Марҳумнинг онаси К.Қ. эса инспектор ўғлига уни қаматишини айтиб, таҳдид қилганини билдирган.
“Ўша куни соат 23:00 ларда профилактика нозири И.Ҳ. менга қўнғироқ қилиб, “Бир ўзингиз келиб кетинг, фарзандингиз Беҳрузнинг масаласини ҳал қиламиз” деди. Мен боролмаслигимни айтдим. Орадан 30 дақиқа вақт ўтгач, И.Ҳ. ўғлимни уйга ташлаб кетди. Шунда ўғлим қўрқув, стресс ҳолатда бўлганини, қўллари қалтираб турганини кўрдим. Аҳволинг яхшими, деб сўраганимда яхши деди.
Ўғлим ўзини ёқиб юборгач 2025 йил 6 майга қадар даволанди, бироқ куйиш даражаси оғир бўлгани сабабли вафот этди. Фарзандим Б.Б. ўз жонига суиқасд қилгани ҳолатида профилактика инспектори И.Ҳ.нинг айби бор, деб биламан. Сабаби, И.Ҳ. ўғлимни қўрқитиб, қамайман дея унга тазйиқ ўтказган. У бу ҳақда менга ва қайнукамга айтиб берди. Биз ўғлимнинг ушбу гапларини видео тасвирга олганмиз”, деган аёл судда.
ЖИБ Пайариқ туман судининг ҳукми билан И.Ҳ. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 207-моддаси 3-қисми “а” бандида (мансабга совуққонлик билан қараш одам ўлимига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил муддатга ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Профилактика инспектори суд залидан қамоққа олинган.
Мавзуга оид
13:55
Жиззахда бедарак йўқолган ИИБ ходими Бўстонлиқдан топилди. У фирибгарликда гумонланмоқда
16:01 / 30.11.2025
Самарқандда фураларни ёқиб юборганлар қамоққа олинди
09:36 / 28.11.2025
Андижонда профилактика инспектори машинасида уриб кетганлардан бири шифохонада вафот этди
10:44 / 27.11.2025