Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Арзон нарсанинг қадри йўқ ёхуд Ўзбекистон иқтисодиётида бозор муносабатлари қачон шаклланади?
Ўзбекистонда янги давр – халқ розилигини ўйлаб, амалга оширилаётган ислоҳотлар даври бошлагани кўпчиликни хурсанд қилмоқда. Барча соҳа, хусусан ОАВда ошкоралик, давлат бошқарувида шаффофликни таъминлаш, шу вақтгача бўрттирилган ёхуд аҳолидан яшириб келинган статистик маълумотлар, муаммолар борича, ҳаққоний равишда жамоатчилик эътиборига ҳавола этилмоқда. Камчиликларни биргаликда бартараф этиш борасида жиддий ишлар қилинмоқда.
Шу билан бирга, айрим соҳалар ҳамон давлат дотациясидан воз кеча олмаётгани, уларда соғлом рақобат шаклланмагани, бунинг ортидан ўша соҳаларда бозор муносабатларини шакллантириш имкони бўлмаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Ҳатто, хорижий инвесторлар оқими гарови сифатида кўрилган илк қадамлардан бири – валюта либерализацияси ҳам унчалик “эффект” бермаяпти. Ўзбекистонни сармоядорлар “босиб” кетмади. Улар ҳамон кутмоқда.
Наздимда, бунинг сабабларидан бири, иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларида бозор тамойиллари тўла-тўкис жорий этилмаганида. Ваҳоланки, Ўзбекистон тез орада нуфузли Жаҳон Савдо ташкилотига аъзо бўлишни ихтиёр қилган экан, мамлакат нафақат молия-иқтисод тизимида, балки иқтисодиётнинг барча жабҳаси, жумладан истеъмол бозорида ҳам бозор муносабатлари тезроқ шаклланишини таъминлаши зарур. Бу нарсани бозор иқтисодиётига ўтишга қарор қилган барча мамлакатлар эртами-кечми амалга оширган. Яъни нарх-навони ҳукумат томонидан давлат бюджети (ахир давлат бюджети сиз-у бизнинг, ўзимиздаги корхоналар тўлаган солиқ эвазига шаклланадиган жамғарма) дотацияси эвазига назорат қилиш орқали беҳуда совуриш ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Буни қатор йирик молия институтлари маъқуллашмайди.
Албатта, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини бутунлай ёддан чиқариш керак, деган фикрдан мутлақ йироқман. Аксинча, аҳоли ўртасида ижтимоий адолатни таъминлашнинг йўлларидан бири сифатида истеъмол бозорида “ижтимоий меъёр”ни жорий қилиш мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Хусусан, бизда тан олиш керак, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сувидан фойдаланишда аҳолининг барча қатлами, бою-камбағал бирдек давлат дотациясидан фойдаланади. Мисол учун, битта “Матиз”и бор ва 3 ё 4 фарзанди бўлган оддий ўқитувчи бир кунда ўртача 3 литр бензин сарфласа, давлат бюджетидан бензинни арзон қилиш учун сарфлаётган дотациясидан шу миқдорда фойдаланади. Буни уйидаги электрэнергияси, газ ва ичимлик суви мисолида ҳам айтиш мумкин.
Энди 2 ё 3 қаватли данғиллама участкаси, буромади даромадига яраша, автомобилида бир кунда 40 литр бензин ёқадиган кишининг ҳам давлат бюджети дотациясидан ойига 1-1,5 млн ойлик оладиган ўқитувчи билан бир хил фойдаланишини “ижтимоий адолат” дейиш мумкинми?
Юқоридаги ўқитувчи бир ойда уйидаги техникаси билан 100-150 кВт*соат электр энергияси сарфласа, арзон бўлгани сабабли, бадавлат инсон ўйланмасдан ойига бу миқдордан бир неча баробар кўп электрэнергиясини сарфлайди. Чунки, унинг уйида бир нечта кондиционер, бир нечта музлатгич, телевизорлар ва бошқа хўжалик техникалари бор. Айни шу жиҳатдан, бадавлат шахс ҳам топиш-тутиши ўртача ва ундан камроқ фуқаро сингари давлат дотациясидан бирдек фойдаланиши нотўғри, менимча.
Фикримни статистика маълумотлари ҳам тасдиқлайди. Маълум бўлишича, Ўзбекистон аҳолисининг 85 фоизи жами истеъмол қилинаётган электр энергиясининг 44 фоизини, қолган 12 фоиз аҳоли 55 фоиз электр энергиясини истеъмол қилади. Бу дегани 12 фоиз аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам учун бюджетдан ажратилаётган дотация эвазига арзонлиги ушлаб турилган электр энергиясидан бирдек фойдаланмоқда.
Шу ўринда, улар ҳам ўзимизнинг фуқаролар, уларнинг бирдек ҳақ-ҳуқуқлари бор, деган мулоҳаза пайдо бўлиши мумкин. Бу гапда ҳам жон бор. Бой-бадавлат бўлган бўлса, ўзларининг тадбиркорликлари эвазига бўлишган, ҳалоли бўлсин. Аммо, дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам ижтимоий адолатни таъминлаш учун йиллик даромади маълум бир миқдордан ошганларга алоҳида солиқ солинади. Уларга бирор қоидабузарлик учун солинадиган жарималар миқдори ҳам оддий аҳолиникидан фарқланиши кўзга ташланади.
Қолаверса, табиий газ, электр энергияси ва ичимлик сувидан исталганча фойдаланишлари мумкин, бироқ бундай ҳолатда оддий аҳоли учун белгиланган нархдан бироз кўпроқ тўлашларига тўғри келади. Қатор мамлакатларда йиллар синовидан муваффақиятли ўтган бу нарсани, юқоридаги 44га 55 фоизлик кўрсаткичга таянган ҳолда Ўзбекистонда ҳам жорий этиш вақти етди, деб бемалол айта оламан. Чунки, МИБ маълумотларига кўра, истеъмолчилар орасида тўлов интизомига амал қилмаётганларнинг аксарияти ўзига тўқ оилалардир. Бундан келиб чиқадики, улар ҳам давлат дотациясидан кўп фойдаланишади, ҳам ўз вақтида кўрсатилган хизматга тўловни амалга оширмайди.
Бундан ташқари, ижтимоий адолат мезонини нафақат аҳоли орасида, балки тадбиркорлик субъектлари орасида ҳам жорий қилиш лозим. Хусусан, турлича айланма маблағга эга корхоналарнинг электр энергияси, сув ва табиий газдан фойдаланиши учун бир хил нарх белгилаш ҳам улар учун бир хил шароит тақдим этилганини билдирмайди. Айниқса, кичик корхоналар ва йирик саноат мажмуалари тўлайдиган тўловларда ҳам кичик корхоналар фойдасига фарқ бўлиши керак. Ахир, улар ҳам тежамкорликларининг самарасини тўлаётган пуллари миқдорида кўришга ҳақлидирлар.
Тўғри, ўқувчилар орасида юқоридаги фикрларга қўшиладиган ва қўшилмайдиганлар ҳам топилади. Аммо, шу нарса аниқки, Ўзбекистон иқтисодиётининг барча жабҳаларида бозор муносабатлари қанчалик тез шаклланса, барчамизга шунча яхши!
Албатта, бу борада иқтисодчи ва молиячи олимлар, мутахассислар ўз фикрларини билдиришса, яхши бўлар эди.
Мавзуга оид
08:50 / 08.07.2026
2026–2027 йилларда энг тез ўсадиган иқтисодиётлар маълум қилинди
22:21 / 06.07.2026
“E-bozor” ягона рақамли бозор платформаси жорий этилади
08:43 / 06.07.2026
Дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари рейтинги эълон қилинди
08:48 / 27.06.2026