Жаҳон | 15:58 / 27.09.2018
11926
3 дақиқада ўқилади

Россиялик депутатлар пенсия ёшини 5 йилга ошириш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллашди

Фото: shutterstock/vostock-photo

Россия давлат думаси учинчи ўқишда пенсия ислоҳоти тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Энди Россияда пенсия ёши босқичма-босқич 5 йилга кўтарилади ва эркаклар 65 ёшдан, аёллар эса 60 ёшдан пенсияга чиқишади.

3 октябрь куни қонун лойиҳаси федерация кенгашида (юқори палата) кўриб чиқилади, сенаторлар бу лойиҳани тасдиқлашса, РФ президенти Владимир Путин уни имзолаши мумкин бўлади.

Қонунга кўра, муддатидан аввал пенсияга чиқиш ҳуқуқини берадиган стаж билан эркаклар 42 ёшдан, аёллар эса 37 ёшдан пенсияга чиқишлари мумкин бўлади. 

Шу йилнинг июлида қуйи палата биринчи ўқишда Россияда пенсия ёшини эркаклар учун 60 ёшдан 65 ёшга, аёллар учун 55 ёшдан 63 ёшга ошириш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилишганди. Шундан кейин бунга нисбатан Россиянинг барча йирик шаҳарларида норозилик намойишлари тўлқини бошланди. Ҳукумат ва президент рейтинги кескин пасая бошлади.

29 август куни Россия президенти Владимир Путин қонун лойиҳасини юмшатишга кўрсатма берди. Унга кўра, аёллар учун пенсия ёши таклиф этилганидек 63 эмас, 60 ёш бўладиган бўлди. Шунингдек, агар аёлнинг 3 нафар фарзанди бўлса, 3 йил илгари, 4 нафар бўлса 4 йил илгари пенсияга чиқади. Беш ва ундан ортиқ фарзандлари бўлган оналар 50 ёшдан пенсияга чиқишлари мумкин бўлади. Ҳозирги қонунчиликка кўра беш нафар фарзанди бўлган аёллар ҳамда икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлиб, чекка шимолда маълум йиллар мобайнида ишлаган оналаргина пенсияга эрта чиқиш ҳуқуқига эга. 

Яқин икки йил ичида пенсияга чиқиши керак бўлган, аммо пенсия ёши оширилиши муносабати билан пенсияга чиқа олмайдиган фуқароларга пенсияга ярим йил эртароқ чиқишларига рухсат берилади. «Масалан, янги пенсия ёши бўйича 2020 йил январда пенсияга чиқиши керак бўлган фуқаро 2019 йил июлда чиқиши мумкин бўлади», - деб тушунтирди Путин.

Пенсияга чиқишига 5 йил қолган россияликларга қайта ўқиш имкониятини бериш ва малакасини ошириш бўйича махсус дастурни тасдиқлаш лозим, деган Путин. Шунингдек, улар учун ишсизлик нафақаси миқдори 4,9 минг рублдан 11,3 минг рублгача оширилади. Бизнесга ёш дискриминацияси учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади. Тадбиркорларга пенсияга чиқиш ёшидаги ходимларни ишга қабул қилганлик учун имтиёзлар тақдим этилади. 

Шимолдаги туб аҳоли учун амалдаги шартлар сақлаб қолинади. Улар пенсияга эртароқ – аёллар 50 ва эркаклар 55 ёшдан чиқишади. Аввалроқ чекка шимолдагилар учун ҳам пенсия ёшини ошириш таклиф қилинганди.

Бу лойиҳа 2019 йилдан ҳаётга татбиқ этилиб, ислоҳот 2034 йилгача якунланиши назарда тутилган.

Мавзуга оид