Мазкур қонун французлар томонидан яхши қабул қилинмади ҳамда бутун мамлакат бўйлаб намойишлар ва иш ташлашлар бошланишига сабаб бўлди. Аммо мамлакат президенти Эммануэл Макрон бу муҳим ислоҳот экани, усиз мамлакат иқтисодиётини аҳоли кексайиб бораётгани ва пенсия жамғармалари тақчиллиги ошаётгани туфайли қайғули келажак кутишини маълум қилди.
Қонун қабул қилингач, намойишлар қайтадан бошланди. Париждаги Келишув майдони ва унинг атрофида намойишчилар чиқиндилар уюмларига ўт қўйишди ва полициячиларни тошбўрон қилишди. Полиция сув пуркагичлар ва кўздан ёш сиздирувчи газли гранаталар билан жавоб қайтарди.
BBC мухбирлари хабар беришича, 16 март куни Париж вақти билан соат тўққиз атрофида сафлари тўлдирилган полициячилар намойишчиларнинг катта қисмини майдондан сиқиб чиқаришган.
Франция полицияси шу куни камида 217 намойишчи қўлга олингани ҳақида хабар берди.
Намойишлар мамлакатнинг бошқа қатор шаҳарларида, жумладан Марсел, Дижон, Нант, Ренн, Руан, Гренобл, Тулуза ва Ниццада ҳам бўлиб ўтди. AFP хабарига кўра, Марселда намойишчилар бир нечта дўконларни бузиб ташлаган, Нант, Ренн ва Лионда ҳам намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот кучлари ўртасида тўқнашувлар бўлган.





Пайшанба куни аввалроқ Сенат қонунни ёқлаб овоз берганди, аммо Миллий ассамблея сессияси бошланиши арафасида президент Макрон Франция Конституциясининг ҳукуматга қонун чиқарувчи органнинг розилигисиз бир томонлама тартибда қонунлар қабул қилиш имконини берувчи моддасини қўллашга қарор қилди. Бунгача ОАВ парламент қуйи палатасида қонунни қўллаб-қувватламасликлари ҳақида ёзганди.
«Биз пенсия тизими келажагига пул тика олмаймиз, бу ислоҳот зарур», деди парламентда чиқиш қилган Франция бош вазири Элизабет Борн.

BBC’нинг Париждаги мухбири Ҳю Сколфилднинг хабар беришича, Макрон партияси вакиллари кун давомида парламентарийларни қонун учун овоз беришга кўндиришга уринган, аммо қонун тарафдорлари устунликка эриша олмаслиги аён бўлгач, Макрон қонун қабул қилинишини хавф остида қолдирмаслик учун Конституция 49-моддаси 3-параграфидан фойдаланишга қарор қилган.





















