Ўзбекистон | 01:36 / 28.09.2018
5941
3 дақиқада ўқилади

Президент ташрифи олдидан: Ўзбекистон расмийлари Ҳиндистондаги ОАВ вакиллари билан учрашишди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи олдидан Деҳлидаги Ўзбекистон элчихонаси ОАВ учун қатор ахборот тадбирларини ўтказмоқда. Куни кеча ўтказилган матбуот брифингида Ҳиндистоннинг етакчи нашрлари, телевидение, ахборот агентликлари ва онлайн-платформаларининг 50 нафарга яқини иштирок этди. 

Брифингда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Илҳомжон Неъматов ва Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиевлар сўзга чиқишди. Улар ОАВ вакилларига давлат раҳбарининг кутилаётган ташрифи моҳияти, минтақавий масалаларда икки томонлама муносабатлар динамикаси, иқтисодий ва савдо алоқалари, маданияти, кинематографияси, инвестицион ва туристик салоҳияти ҳақида сўзлаб беришди. 

Матбуот анжуманида Ўзбекистон ва Ҳиндистонни кўп асрлик дўстлик ва ўзаро ҳурмат алоқалари, маданиятлар ва тарих боғлаб туриши алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга ташрифи ҳар томонлама самарали ва натижавий бўлиши кутилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, сўнгги кунларда Ҳиндистонда қатор маданий, академик тадбирлар, инвестицион тақдимотлар ва бизнес-форумлар бўлиб ўтмоқда. Хусусан, Ҳиндистон Миллий музейида қадимий қўлёзмалар ва миниатюраларга доир қўшма кўргазмасига старт берилиб, у бир ой давом этади. 

Шунингдек, Деҳли, Нойда ва бошқа шаҳарларда Ўзбекистон маданият кунлари, Ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Ҳиндистоннинг уч тадқиқот марказида сенаторлар ва тадқиқот институтлари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирокидаги муҳокамалар доираси ўтказилмоқда. Тақдимотлар, B2B форматидаги музокаралар ва бизнес доираларнинг ўзаро учрашувлари авжида. 28 октябрда Деҳлида Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес форуми бўлиб ўтади ва Made in Uzbekistan кўргазмаси очилади. Ўзбекистон делегацияси вазирлик ва идоралар, йирик ташкилотлар ва бизнес доираларнинг 200 га яқин раҳбарини ўз ичига олган. 

Бундан ташқари, Жануби-Шарқий Осиё Халқаро мухбирлар клубида Деҳлида аккредитациядан ўтган хорижий журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди. Кенгайтирилган брифингда элчи Фарҳод Арзиев, Ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Улуғбек Қосимхўжаев ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари Шамиль Бурнашевлар сўзга чиқишди. ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган икки томонлама муносабатларга алоқадор барча саволларга жавоб олишди. Матбуот анжумани Клубнинг фейсбук саҳифасида тўғридан-тўғри трансляция қилинган.

Журналистларнинг юқоридаги икки тадбир бўйича тўплаган маълумотлари илк кунлардаёқ газета, журналлар, интернет нашрлари, ижтимоий тармоқлардаги 200 га яқин мақолада ўз аксини топди.

Мавзуга оид