Жамият | 22:00 / 28.09.2018
9818
3 дақиқада ўқилади

“Ўқитувчи” нашриёти Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан қатор китоблар тақдимотини ўтказди

Ўзбекистонда китоб тарғиботи ва китобхонлик маданиятини ошириш борасидаги ишлар изчил олиб борилмоқда. 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан ўтказилган тадбирда ҳам шу ҳақда сўз борди. 

Ушбу тадбирда кўп йиллар давомида нашриётда самарали меҳнат қилиб, шогирдларда ноширлик касбига садоқат ва муҳаббат туйғусини уйғотган, ёши улуғ устоз ва мураббийлар қатнашишди. Тадбирда нашриёт-матбаа ижодий уйи директори Сирожиддин Ҳуснутдинов устозларни табриклаб байрам муносабати билан уларга қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди.

Тадбир давомида нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан шу йил нашрга тайёрланиб, чоп этилган “Юлдузли тунлар”, “Чолиқуши”, “Алкимёгар”, “Дунёдаги энг бахтли одам”, “Америка фожиаси”, “Спитамен”, “Навоий суҳбатлари” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, устозлар шу кунларда нашрга тайёрланаётган “Мирзо Улуғбек – Коинотга талпинган ҳукмдор” китоб-альбоми ҳамда 5 жилддан иборат “Таназзул” тарихий романларини нашрга тайёрлаш жараёни билан танишиб, уларни чоп этиш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини бердилар.

Дарҳақиқат, “Элга зиё тарқатиш касбимизнинг олий мақсадидир. Ноширлик касби ҳам машаққатли, ҳам завқли. Касбимизни шижоатли ёшлар давом эттираётганидан жуда хурсандмиз. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда китоб мутолаасига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, шунингдек ноширлик ва матбаа соҳасида эришилган ютуқлар билан бир қаторда аҳолининг китобхонлигини ошириш борасида Давлатимиз раҳбари ҳамда Ҳукуматимиз томонидан белгилаб берилаётган вазифалар ношир ва матбаачиларнинг масъулиятини янада оширмоқда” – дейди узоқ йиллар давомида нашриёт-матбаа ижодий уйининг бош муҳаррири лавозимида фаолият юритган меҳнат фахрийси Абдулла Хасанов.

Тадбир давомида нашриёт-матбаа ижодий уйининг келгусидаги фаолиятини янада ривожлантириш, халқимизга янгидан-янги, бадиий мукаммал, ижтимоий аҳамиятли китобларни тақдим этиш мақсадида нашриётнинг нашр-режаси устозлар кўмагида яна бир бор қайта кўриб чиқилди ва нашриётда фаолият юритаётган ёш кадрларнинг малакасини ошириш ҳамда уларга касб сирларини ўргатиш мақсадида ҳар ойда бир марта “Устоз ва шогирд” ноширлик маҳорат мактаби фаолиятини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Мавзуга оид