Ўзбекистон | 22:42 / 28.09.2018
5343
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармонлари 3 млрд долларлик 50 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишга келишдилар

Бугун, 28 сентябрь куни Деҳлида Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz’га Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси ходимлари хабар берди. 

Ҳиндистонга Ўзбекистон делегацияси вазирлик ва идоралар, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, йирик компаниялар раҳбарларидан иборат таркиб билан ташриф буюрди. Ҳиндистон томонидан 150 дан ортиқ йирик саноат корxоналари, кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистон ва Ҳиндистон иқтисодиётининг турли тармоқлари жадал ривожланмоқда ва айни пайтда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги қўшма лойиҳалар кенгаймоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳиндистон сармояси иштирокида 145 корxона фаолият юритмоқда.

2017 йилда икки томонлама савдо ҳажми 320 миллион доллардан ошди. Ўзбекистон Ҳиндистонга металл, минерал ўғитлар, бальзам, ипак, ловия ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилади. Ҳиндистондан асосан фармацевтика ва тиббий маҳсулотлар, қора металл, теxнологик ускуналар, автоуловлар учун эҳтиёт қисмлар келтирилади.

Фармацевтика саноати ва соғлиқни сақлаш, туризм, жумладан, тиббий туризм, аxборот-коммуникация теxнологиялари, қишлоқ хўжалиги, минерал ресурслар қазиб олиш каби соҳалар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари ҳисобланади.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпаниясининг Тошкент-Деҳли-Амритсар йўналиши бўйича тўғридан-тўғри рейслари икки мамлакат фуқаролари учун ҳам оммабоп бўлди. 2017 йилда Ҳиндистондан Ўзбекистонга 10 мингдан зиёд сайёҳ учиб кетди. Туризм соҳасидаги фаолиятни янада ривожлантириш мақсадида Тошкентдан Мумбай ва Ченнайга тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон президентининг бўлажак давлат ташрифига тайёргарлик кўриш доирасида ташкил этилган тадбирлар якунларига кўра, умумий қиймати 95 миллион долларликдан ортиқ 30та экспорт шартномаси ҳамда 3 миллиард долларлик 50 дан ортиқ инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳужжатлар имзоланди. 

Бизнес-форумда Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармонлари кенгашини ташкил этиш бўйича битим имзоланди.

Деҳли шахрида шунингдек Ўзбекистон миллий кўргазмаси очилди. Унда мамлакатимиз машинасозлик, қишлоқ xўжалиги, боғдорчилик, қандолат, озиқ-овқат ва бошқа етакчи тармоқлар маҳсулотлари намойиш этилди. 

Бизнес-форум жорий йилнинг август ойида Тошкент ва Деҳлида бўлиб ўтган тадбирларнинг давоми бўлди.

Мавзуга оид