Жамият | 20:57 / 29.09.2018
12095
3 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчининг қўпол хатоси бир инсон ҳаётига зомин бўлди 

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Ўрта Чирчиқ Агросаноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида Хотамов Х. раислигида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Суд мажлисида Жиноят Кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки ундан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми (одам ўлишига сабаб бўлса) билан айбланаётган У.А.га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Суд аниқлашича, айбланувчи 4-август куни соат 21-00 ларда Нурафшон-Тошкент йўналишида автоулов бошқариб бораётган вақтда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб 1990 йилда туғилган Ш.Н. ни уриб юборган. Тиббий ёрдам кўрсатилганлигига қарамай жабрланувчи шифохонада вафот этган. Ўтказилган экспертиза ва гувоҳлар кўрсатмалари тинглангандан сўнг, айбдорга суд хукми ўқилди.

Суд айбланувчи У.А. га нисбатан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айблаб, давлат ҳисобига ойлик маошининг 20 фоиз миқдорида ушлаб қолиш шарти билан 3 (уч) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари ва 1 (бир) йил муддатга барча турдаги автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинлади.

Тарафларга ҳукмдан норози бўлган тақдирда апелляция ва кассация шикояти қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Суд мажлисидан сўнг, ушбу коллеж биносида жиноятчилик ва суд-ҳуқуқ соҳасида умумий йиғилиш ўтказилди. Унда Ўрта Чирчиқ туман жиноят ишлари бўйича суди раиси Хотамов Х., Фуқаролик ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ туманлараро суди раиси Мусаева Н, Иқтисодий ишлар бўйича Ўрта Чирчиқ туман суди раиси Аннаева Т. ва бошқа суд-ҳуқуқ соҳаси ходимлари, маҳалла фаоллари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон президентининг 2018 йил 13 июл кунги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Фармони мазмуни; безорилик жинояти ва унинг олдини олиш; номусга тегиш жинояти; 2017-2018 йил коррупцияга қарши кураш Давлат дастури ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий асослари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Мажлис иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. 

Мавзуга оид