Ўзбекистон | 15:40 / 29.09.2018
3809
3 дақиқада ўқилади

Европарламент аъзоси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан учрашди

Европарламентнинг «Европада либерал ва демократлар иттифоқи» партияси вице-президенти Илҳан Кючюк ва Швеция халқаро либерал маркази ахборот хизмати раҳбари Аса Нилсон Содерстром Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Кючюк ва Содерстром дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан учрашди. Уларга Ўзбекистондаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ушбу йўналишда учраётган камчиликларни бартараф этиш механизмлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, европалик меҳмонлар Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари, нодавлат нотижорат ташкилотлар аъзолари билан Қўқон, Андижон ва Тошкент шаҳарларида суҳбатлар ўтказган.

Тошкентдаги учрашувларда Инсон ҳуқуқлари ва демократия институти, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази раҳбарлари, «Эзгулик» ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилот аъзолари ҳам иштирок этишган.

«Биз учрашувлар давомида кўп расмий шахслар, шунингдек мустақил институт раҳбарлари билан суҳбатлашиб амин бўлдикки, ижобий ислоҳотлар натижасини бермоқда. Шунга қарамай, ўрта ва қуйи бўғиндаги айрим раҳбарларнинг сусткашликка йўл қўйиши, ўзгаришлар борасида Президент каби шижоат ва жонкуярлик кўрсатмаётганлиги кузатилмоқда. Лекин ҳеч нарса бирдан пайдо бўлмайди. Демократияни қуриш ва уни сақлаб қолиш вақт ва сермашаққат ҳаракатларни талаб этади», дейди Швеция халқаро либерал маркази вакили Аса Нилсон Содерстром.

Шунингдек, «Европада либерал ва демократлар иттифоқи» партияси вице-президенти Илҳан Кючюк ҳам Ўзбекистонга келиб, ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлгани ҳақида гапирди.

«Ҳақиқатан, ижобий ўзгаришлар, ислоҳотларнинг катта кўламда бошланганига гувоҳ бўлдим. Аммо бу борада ҳали қилинадиган ишлар бор. Эндиликда бошланган ҳаракатлар бардавом бўлиши лозим. Европарламент аъзоси сифатида айтишим мумкинки, Ўзбекистондан келаётган ижобий мазмундаги сиёсий белгилар, минтақада Европа-Ўзбекистон ҳамкорлигини янада жадаллаштиришга ундайди. Агар мамлакат ислоҳотларни муваффақиятли якунлаб, ривожланишнинг янги босқичига ўтишни истаса, ўзгаришларга тизимли ёндашувни татбиқ этиш керак. Масалан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ушбу соҳада қилинадиган ишлар кўп, бу эса умумий мақсадга етишишда катта ёрдамчи бўлади», дейди Кючюк.

Маълумот учун, партия вице-президенти Илҳан Кючюк бундан аввал ҳам Европарламент биносида ўзбекистонлик ижтимоий ташкилотлар вакиллари билан учрашганди.

Мавзуга оид