Ўзбекистон | 23:32 / 29.09.2018
5943
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоят ҳокимлигида ёшларнинг ташаббусини қўлловчи «Инновацион марказ» ташкил этилади

Бугун Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий Истироҳат боғида анъанавий «Ҳоким ва ёшлар» тадбири бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилоят ҳокими в.б. Эркинжон Турдимов вилоятдаги ёш истеъдодли, интилувчан, тадбиркор ва ташаббускор ёшлари билан суҳбатлашган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, вилоят раҳбари учрашув доирасида ташкил этилган ёш архитектор, дизайнер, ҳунарманд, фермерлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар, ижодкор ва спортчилар эришган ютуқлари акс эттирилган кўргазмалар билан танишди.

Ёш тадбиркорлар билан учрашар экан, Э.Турдимов шундай деди:

«Бундай тадбирларни хўжакўрсинга йўл қўйиб ёки кўзбўямачилик билан ўтказиб бўлмайди. Кўргазмаларда ҳам, суҳбалашишлар жараёнида таниш чеҳраларга кўзим тушди. Кўпроқ чекка туман ва қишлоқлардаги истеъдодли ёшларнинг муаммоларини эшитиш, ҳал қилиш, ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, амалий фаолиятда уларнинг бошини бириктиришга эътибор бериш зарур».

Учрашувда вилоят ҳокими ёшларнинг ташаббуси ва илтимосларини ҳам эшитди, ҳамда уларга жавоб берди. Масалан, ёш ҳунардмандлардан бири ўз устахонаси учун ер ажратишни вилоят раҳбаридан сўради.

Э.Турдимов ушбу саволга жавоб бера туриб, барча учун қизиқарли маълумотни эълон қилди:

«Самарқанд шаҳрида ер ажратиш ва ноқонуний қурилиш ишларини олиб бориш билан боғлиқ машмашалардан барчанинг хабари бор. Айни пайтда Самарқанд шаҳрининг бош режаси концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, Самарқандда ҳунармандлар кўчаси ташкил қилиш режалаштирилган. У ерлар электрон аукцион орқали сотилади. Шаҳар марказидаги ерларнинг бошланғич баҳоси қимматроқ, четга чиққан сайин арзонроқ бўлади. Шаҳар ё вилоят ҳокимлиги ер ажратиш масалалари билан ортиқ шуғулланмайди. Яширин ишлаш бўлмайди, барчаси очиқ аукционга қўйилади. Тўғри, айримларнинг қурби етмаслиги мумкин. Бу ҳолда ижарада ишлашига тўғри келади.

Самарқанд вилояти раҳбари ёшларнинг ғоялари, ишланмаларини тарғиб қилиш, рағбатлантириш, шунингдек, амалиётга татбиқ этиш учун вилоят ҳокимлиги қошида «Инновацион марказ» ташкил этилишини эълон қилди.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz мухбири

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид