Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди
28 сентябрь куни Деҳли шаҳрида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиxонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Давлат инвестиция қўмитаси томонидан ташкил этилган Ҳиндистон-Ўзбекистон ишбилармонлар форуми бўлиб ўтди.
Унда Ҳиндистон саноат конфедерацияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди.
Форум давомида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва муxтор элчиси Фарҳод Aрзиев икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида қулай шарт-шароитлар яратиш учун асос бўладиган Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармонлар кенгаши иқтисодий мулоқотни кучайтириш мақсадида ташкил этилганини таъкидлади. Унинг айтишича, божхона тарифларини ўзаро қисқартириш ва эркин иқтисодий зоналарда кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармонлар кенгаши турли соҳаларда потенциал инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш ва амалга ошириш, икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ, транспорт алоқаларини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида транзит йўлакларини кенгайтириш учун майдонга айланади.
Таъкидланишича, ишбилармонлар кенгашининг ташкил этилиши истиқболли йўналишлар бўйича икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга, Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилишларида муҳокама қилинадиган масалалар доирасини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни йўналтириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг августида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида икки мамлакат делегациялари ўртасида қатор ташрифлар ташкил этилди. Ташрифлар доирасида Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси, Ҳиндистон саноат конфедерацияси ва Ҳиндистон-МДҲ Савдо-саноат палатаси вакиллари иштирокида учта бизнес-форум ўтказилди. Тошкентда Ҳиндистон ишбилармон доираларининг 300 дан ортиқ вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссиясининг 11 та йиғилиши ташкил этилди. Ушбу ташрифлар натижаси ўлароқ Деҳли шаҳрида Ҳиндистон-Ўзбекистон форуми бўлиб ўтди ва унда 3 миллиард долларлик 50 дан ортиқ инвестиция лойиҳалари имзоланди.
Мавзуга оид
20:33 / 07.11.2024
Ҳиндистонда уч кун ичида 10 та фил нобуд бўлди
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
01:52 / 07.11.2024
Кашмир Ҳиндистонни махсус автономия мақомини тиклашга чақирувчи резолюцияни қабул қилди
17:48 / 06.11.2024