Жаҳон | 08:21 / 30.09.2018
5768
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон президенти 2019 йилни тинчлик ва ўзаро ишонч белгиси остида ўтказишни таклиф қилди 

Фото: РИА Новости

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов БМТ Бош ассамблеяси 73-сессиясидаги нутқида 2019 йилни тинчлик ва ўзаро ишонч белгиси остида ўтказишни таклиф қилди. 

Бердимуҳамедов ўз нутқида Бош ассамблеянинг жорий сессияси халқаро сиёсатдаги мураккаб тенденциялар ортида ўтаётганини айтган.

Унинг фикрича, БМТ ўзаро ҳурмат, тенгҳуқуқлик, тинч, сиёсий мулоқот тамойилларига асосланган халқаро тартиб асосларини сақлаб қолишда бош ва муҳим ролни ўйнайди ҳамда БМТнинг бу миссиясининг ҳаққонийлиги шубҳа остига қўйилиши мумкин эмас. 

Бердимуҳамедовнинг айтишича, жорий сессия ўзаро ишончдаги инқирозни енгиб ўтиш ва давлатлар ўртасида ҳамфикрликни мустаҳкамлашга чорланган.

“Шу муносабат билан Туркманистон 2019 йилни тинчлик ва ўзаро ишонч белгиси остида ўтказишни таклиф қилади. Ташаббусимиз тарангликни камайтиришга, баҳслар ва зиддиятларни тинч, сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилишга қаратилган аниқ чоралар ишлаб чиқишни, масъулиятли ва пухта ўйланган қарорлар қабул қилинишини кўзда тутади”, деб айтган Туркманистон раҳбари.  

Бердимуҳамедов, шунингдек, Каспий бўйича иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга чақирди.  

Унинг таъкидлашича, жорий йилнинг 12 августида Каспийбўйи давлатлари раҳбарлари томонидан имзоланган Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми ҳақидаги конвенция Каспийбўйи ҳудудини халқаро аҳамиятдаги стратегик транспорт-транзит ва энергетик бўғинлардан бири, кенг инвестициявий, савдо, иқтисодий фаолият ва кооперация жойига айлантириш истиқболини очади. 

“Туркманистон барча манфаатдор томонлар билан бу соҳадаги лойиҳаларни батафсил муҳокама қилишга тайёр. Каспийда янги лойиҳаларни амалга ошириш – бу келажакка инвестициядир”, деб таъкидлаб ўтган Туркманистон раҳбари. 

Конвенция Россия, Озарбойжон, Қозоғистон, Туркманистон ва Эрон етакчилари учрашуви натижаларига кўра имзоланган. У бўйича иш 22 йил давомида олиб борилган. Ҳужжат денгиз остидан сув ости қувурлари ўтказишни кўзда тутади ва бу лойиҳа экологик хавфсизлик меъёрларига тўғри келиши лозим.

Мавзуга оид