Жаҳон | 08:51
835
3 дақиқада ўқилади

Испания БМТ орқали Кубага гуманитар ёрдам юборди

Испания орол давлати Кубада АҚШнинг Ҳаванага нефт етказиб беришга қўйган блокадаси сабаб юзага келган иқтисодий ва энергетик инқироз фонида гуманитар ёрдам доирасида озиқ-овқат ҳамда энг зарур тиббий маҳсулотларни юборди.

Фото: Adalberto Roque/AFP/Getty Images

Испания Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) тизими орқали Кубага озиқ-овқат ва энг зарур тиббий маҳсулотлар кўринишида гуманитар ёрдам тақдим этади. Бу ҳақда душанба куни, 16 февралда Испания ТИВ Мадриддаги учрашувдан сўнг маълум қилди. Учрашувда Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес кубалик ҳамкасби Бруно Родригес билан музокара олиб борган.

Родригес Х ижтимоий тармоғида Испания ва Куба “икки давлат манфаатлари йўлида сиёсий, иқтисодий ва савдо мулоқотини, шунингдек ҳамкорликни мустаҳкамлаш” ниятида эканини ёзди. Аввалроқ Куба Мексикадан 800 тонна гуманитар ёрдам олган эди. Ўтган ҳафта бу юклар орол давлатига икки ҳарбий кема орқали етказиб берилган.

Кубадаги иқтисодий ва энергетик инқироз АҚШ томонидан нефт етказиб беришнинг блокланиши сабаб сезиларли даражада кучайди. Қўшма Штатларнинг Кубанинг энг муҳим нефт етказиб берувчиси ва энг яқин иттифоқчиси бўлган Венесуэлага ҳужуми ҳамда унинг раҳбари Николас Мадуронинг қўлга олиниши ортидан Каракас кубаликларга нефт етказиб беришни тўхтатди.

Январ охирида АҚШ президенти Доналд Трамп Кубани “АҚШ миллий хавфсизлигига истисно даражадаги таҳдид” деб атади ва Ҳаванага нефт ёки нефт маҳсулотларини етказиб беришда давом этадиган барча давлатларга жарима божларини жорий этиш билан таҳдид қилди.

13 феврал куни БМТ Кубадаги инқироз тобора чуқурлашиб бораётгани юзасидан хавотир билдирди. Аҳолиси 10,9 миллион бўлган орол давлат тез-тез электр узилишлари, шунингдек озиқ-овқат ва дори-дармон танқислигига дуч келмоқда. Шу муносабат билан ҳукумат фавқулодда чораларни, жумладан ёнилғи савдосига чекловлар ва жамоат транспорти соҳасида қисқартиришларни жорий этди.

Сўнгги икки йил ичида Куба Хитой кўмагида қуёш электр станциялари қурилишини кенгайтиришга катта маблағ йўналтирган бўлса-да, улардан олинаётган самарадорлик мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришдан йироқ. Оролнинг энергия таъминоти ҳамон совет давридан қолган, ишончлилиги паст иссиқлик электр станцияларига боғлиқ.

Бу эса Ҳавананинг энергия ташувчиларни импорт қилишга қаттиқ эҳтиёж сезаётганини англатади. Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариладиган мазут эҳтиёжнинг тахминан 40 фоизини қоплайди, у бензинга қайта ишланмайди ва фақат электр станциялари учун ишлатилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид