Ўзбекистон | 09:10 / 30.09.2018
46698
5 дақиқада ўқилади

Уч кун ичида кўчада қолмаслик учун нима қилиш керак? Ҳукуматнинг ер участкаларини олиб қўйиш ҳақидаги қарори лойиҳаси эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрида давлат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйиш билан боғлиқ жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларини қоплаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги» қарори лойиҳаси муҳокамага ташланди.

Ҳужжат лойиҳасида ушбу Низом нормалари қуйидагилар учун амал қилмаслиги белгиланмоқда:

  • ер участкаси ижара шартномасини бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш туфайли тадбиркорлик субъектларига тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун 49 йилгача узоқ муддатли ижарага берилган ер участкалари олиб қўйилганда;
  • давлат ихтиёрига ер участкаси ихтиёрий ва беминнат топширилганда (доимий фойдаланиш ҳуқуқидан воз кечилганда);
  • тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ажратилган, бироқ қонунчилик талабларига кўра икки йил ичида ўзлаштирилмаган ер участкаларини олиб қўйишда;
  • Ўзбекистон Республикаси президентининг алоҳида қарорлари билан ўрнатиладиган тартибда хусусий мулк сифатида тан олинган, ўзбошимчалик билан қурилган турар уй-жой бинолари.

Яъни, ер участкалари юқорида кўрсатиб ўтилган сабаблар билан олиб қўйиладиган бўлса, зарарлар қоплаб берилмайди.

Ҳужжат лойиҳасида таъкидланмоқдаки, давлат ва жамият эҳтиёжлари, шунингдек, инвестицион фаолият учун олиб қўйиладиган ер участкаси ёки унинг бир қисми турар уй-жой ёки нотурар жой эгаси (ер эгаси)нинг розилиги билан ёки президент ва ҳукумат қарорлари ёки Тошкент шаҳри ҳокими қарорига кўра ердан фойдалануви ва ижарачи билан келишув асосида амалга оширилади.

Ҳужжатга кўра, ер участкаларини олиб қўйиш ва турар уй-жой, ишлаб чиқариш ҳамда бошқа қурилма, иншоотлар ва дов-дарахтларни бузиш ҳақидаги қарор қуйидагича қабул қилинади:

  • Тошкент шаҳрининг бош режасига, шунингдек, аҳоли пунктларининг деталлаштирилган тарх ва қуриш лойиҳаларига мувофиқ тарзда;
  • Техноген фалокатлар, аварияларни бартараф этиш, бошқа ҳолатларда инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида;
  • Қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатларда инвестицион фаолиятини амалга ошириш мақсадида.

Қайд этилишича, олиб қўйилаётган ер участкаларида объектларни асоссиз бузилишига йўл қўйилмайди.

Қопланадиган зарар ҳажми ва компенсация турини туман ҳокими қарори билан тузилган махсус комиссия томонидан аниқланади.

Бу ҳолда комиссияга ваколатига қурилиш масалалари киритилган туман ҳокимининг ўринбосари раҳбарлик қилади. Комиссия таркибига шунингдек, ер участкаси олиб қўйиладиган одам ҳам киритилади.

Эътибор қаратинг, ўзбошимчалик билан барпо этилган, жумладан, табиатни муҳофаза қилиш зоналари ва қўриқланувчи ҳудудларда қурилган объектларни бузиш ишлари туман ҳокимлигидан билдириш олинган кундан бошлаб ушбу объектлардан эгалик ҳуқуқисиз фойдаланиб келаётган шахс томонидан ўз кучи маблағлари эвазига уч кун ичида амалга оширилади.

Дарвоқе, ҳужжатга кўра, компенсациянинг қуйидаги турлари таклиф этилади:

  • Бузилаётган турар уй-жой (квартиралар), бошқа қурилма, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қийматини тўлаб бериш;
  • Бузилаётган турар жой майдонидан кам бўлмаган бошқа ободонлаштирилган турар уй-жой биносини хусусий мулк қилиб бериш, дов-дарахтлар қийматини тўлаб бериш;
  • Бузилаётган турар уй-жой майдонидан кам бўлмаган бошқа ободонлаштирилган турар жой биносини хусусий мулк қилиб бериш, хусусий мулк эгасига турар уй-жой қийматидаги фарқни тўлаб бериш;
  • Янги жойда турар уй-жой ва қурилмалар барпо этилиши ва кейинчалик уларни мулк қилиб бериш даврида ижара шартномаси шартлари асосида вақтинчалик турар уй-жой билан таъминлаш;
  • Ўрнатилган нормалар чегараларида хусусий турар уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратиб бериш, ер участкасини ўзлаштириш даврида ижара шартномаси шартлари асосида икки йил муддатга вақтинчалик турар уй-жой билан таъминлаш, бузилаётган уйлар (квартиралар), қурилма, иншоот ва дов-дарахтларнинг тўлиқ ҳажмда қийматини қоплаб бериш.

Турар уй-жой (квартира) ни бузиш бу ҳақда билдиришнома берилганидан олти ойлик муддат ўтгач ва комиссия томонидан компенсациянинг тури ҳамда уни тақдим этиш шартлари ҳақидаги қарор чиқарилганидан сўнг амалга оширилади.

Янги жойга турар уй-жой, ишлаб чиқариш ва бошқа қурилма, иншоотларни кўчириб ўтказиш ва тиклаш, вақтинчалик уй-жой топиш, вақтинчалик турар жойга, шунингдек, вақтинчалик турар-жойдан янги жойда қайта тикланган турар уй-жойга фуқаролар ва юридик шахсларнинг мулкларини кўчириб ўтказиш тегишли туман ҳокимликларининг қарорига асосан, олиб қўйилаётган ер учаскаси бериладиган инвестор, ер эгаси (ердан фойдаланувчи, ижарачи) ҳисобидан амалга оширилади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид