Жаҳон | 12:41 / 01.10.2018
27202
2 дақиқада ўқилади

ФХХ ходимлари томонидан қўлга олинган ўзбекистонлик 15 йилга қамалди

Фото: Геннадий Гуляев / Коммерсантъ

Россияда Билимлар кунида теракт содир этишга тайёргарлик кўрган, ФХХ ходимлари томонидан қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси Муродбек Қодиров бошқа жинояти учун қамалди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.

Тергов якуний версиясига кўра, Қодиров Интернетдаги онлайн-трансляция пайтида Суриядаги жанговар ҳаракатларда иштирок этаётган қўшинлар қисмида ўзини ўзи портлатмоқчи бўлган.

ФХХ Муродбек Қодиров 2017 йилда қўлга олинганидан сўнг, ўзбекистонлик 1 сентябрь куни одамлар гавжум бўладиган жойда теракт содир этишга тайёргарлик кўрганликда гумонланаётгани ҳақида хабар берди. Унинг уйида кучли бомба топилди.

Мешчанск тумани судида, шунингдек, Москва округи ҳарбий судида ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган жараён давомида Муродбек Қодиров айбини тан олиб, Россияга теракт содир этиш мақсадида келганини хабар қилган.

ФХХ ва қўлга олинганидан кейин тергов билан фаол ҳамкорлик қилган Қодировнинг версиясига кўра, у Сурия бомбардимон қилиниши туфайли ўлдирилган акаси учун қасос олиш мақсадида терактга тайёргарлик кўрган. 2017 йилнинг 29 июль куни Қодиров Telegram орқали ИШИДга содиқлик келтириб, террорчилар етакчиларидан биридан «Москва минтақасида террорчилик хуружи содир этиш ҳақида кўрсатма олган».

Тергов маълумотларига кўра, Қодиров ва унинг шериклари терактни ҳаво-космик кучлари қисмларидан бирида уюштиришни режалаштиришган. Улар шу тариқа «давлат ҳокимияти органлари ишини беқарорлаштириш» ва «уларга Суриядаги ҳарбий амалиётни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилиниши мақсадида таъсир ўтказиш»ни мўлжаллашгани айтилади.

ФХХ ходимларининг аниқлашича, 2017 йилнинг 27-30 август кунлари Қодиров теракт содир этилиши лозим бўлган қисм ҳақида маълумот йиғиб борган.

Муродбек Қодировнинг ишини кўриб чиққан ҳарбий суд уни 15 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Мавзуга оид