Халқаро эксперт: Ўзбекистон Солиқ кодексида қатор солиқ тушунчаларига изоҳ берилмаган
Ўзбекистоннинг амалдаги Солиқ кодексида қатор солиқ тушунчалари, жумладан солиқ ставкаси, солиқ имтиёзи каби қатор тушунчаларга изоҳ берилмаган. Солиқ соҳасида халқаро эксперт ҳисобланган россиялик Сергей Шаталов Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган давра суҳбатида шундай фикрни билдирди, деб хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.
У Ўзбекистон солиқ имтиёзлари ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоиздан ортиқ эканини билдирар экан, бу тизимли муаммолардан бири эканини таъкидлади. Россия Федерациясининг Солиқ кодексини ишлаб чиқишда фаол иштирок этган мутахассис “Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш” мавзусида маъруза қилди. Шаталов солиқ ислоҳотларини амалга оширишда хорижий мамлакатлар тажрибаси ва бу борада Ўзбекистон солиқ соҳасидаги тизимли муаммоларни таҳлил қилиб берди.
Экспертнинг фикрича, Ўзбекистонда солиқ имтиёзлари ҳаддан ортиқ бўлиб, бу тизимли муаммоларнинг энг йирикларидандир. Солиқ имтиёзлари жуда кўп қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади ва тақдим этилади. Яъни,
- Солиқ кодексининг 300дан ортиқ моддаси;
- Президент томонидан имзоланган 650дан ортиқ ҳужжат;
- Ҳукуматнинг 100дан ортиқ қарори;
- 22та маъмурий ҳужжатлар.
Шаталовнинг айтишича, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 4 фоиздан ортиғини ташкил этувчи солиқ имтиёзлари нима учун берилганига эса, жўяли жавоб йўқ. У самарадорлик учун тақдим этилган дейилса, ўша соҳаларда ўсиш кўзга ташланмайди, тенг рақобат муҳити дейилса, асосан хорижий сармоядорларга имтиёз берилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар унутилган. Бу, ўз навбатида, маҳаллий тадбиркорнинг маблағини хорижга олиб чиқиб, хорижий сармоядор сифатида қайта инвестиция қилишига замин бўлмоқда.
Бундан ташқари, миллий солиқ қонунчилигида ҳам қатор бир-бирига зид жиҳатлар бор. Қолаверса, турли хил солиқ норматив ҳужжатлар ҳаддан ортиқ бўлиб, Солиқ кодексида солиққа тортилувчи база ва ставкаларни ҳисоблаш қоидаларига ойдинлик киритилмаган. Натижада олдиндан тахмин қилиш ёки барқарор солиққа тортиш имконини бермайди.
Шу билан бирга, Шаталов янги Солиқ кодекси 2019 йил 1 январга қадар ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши кутилаётганига эътибор қаратиб, бунинг жуда кам муддат қолгани, шу муддатга улгуриш учун ҳаракат қилинса, жиддий камчилик ва нуқсонлар билан қабул қилиниши эҳтимоли бўлишини таъкидлади.
Сергей Шаталовга кўра, янги кодексни қабул қилиш жараёнида молиявий бозорлар, трансферт нарх шаклланиши, назорат қилинувчи хорижий компания, нозик сармоялаш, электрон тижорат каби яқин келажакда жиддий ўсиши кутилаётган жиҳатларни ҳозирданоқ изоҳлаб кетиш керак бўлади. “Костюмни ўлчам катталашишини ҳисобга олган ҳолда тикиш мақсадга мувофиқ бўлар эди”, -деди Сергей Шаталов.
Мавзуга оид
18:07 / 16.10.2024
Олий Мажлис сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди
17:44 / 20.09.2024
«Ҳаддини билмаганларни меҳмон деёлмаймиз» – Ўзбекистонда бўлиши номақбул чет элликлар рўйхати юритилади
23:26 / 25.06.2024
2024 йилнинг 5 ойи давомида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлди — Сенат
22:58 / 25.06.2024