Тушунарсиз ҳолат. Ҳиндистонда аслида нечта ҳужжат имзоланди?
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи доирасида 20та ҳужжат имзоланди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
«Нью-Деҳлида ўтган олий даражадаги музокаралар якунида имзоланган ҳужжатларни ўзаро алмашиш маросими бўлиб ўтди. Ташриф доирасида илмий-техник ҳамкорлик, қишлоқ хўжалиги, туризм, ҳарбий таълим, адлия, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани, фармацевтика, космосни тинч мақсадларда тадқиқ этиш ва бошқа соҳаларга доир 20та ҳужжат имзоланди. Шунингдек, Андижон вилояти ва Гужарат штати, Самарқанд шаҳри ва Агра шаҳарлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Эркин фармацевтика зонасини ташкил этиш тўғрисида битимлар имзоланди», - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Ўзбекистондаги барча ОАВ президент матбуот хизматига таянган ҳолда 20та ҳужжат имзолангани ҳақида хабар берди.
Шу билан бирга, Ҳиндистон ОАВ томонлар 17та ҳужжат имзолагани ҳақида хабар берди.
Ҳиндистонлик сиёсатчи ва давлат арбоби, мамлакат бош вазири Нарендра Моди ўзининг расмий веб-сайтига эга.
Ўз веб-сайтида у Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида имзоланган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхатини эълон қилди. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, барча ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси президентининг Ҳиндистонга ташрифи чоғида имзоланган.
Рўйхатга 17та ҳужжат, шу жумладан, юқорида айтилган - Андижон вилояти ва Гужарат штати, Самарқанд шаҳри ва Агра шаҳарлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Эркин фармацевтика зонаси ташкил этиш кирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси президентининг Америка Қўшма Штатларига сафари чоғида ҳам рақамлар билан шундай ҳолат кузатилганди.
«Ташриф давомида 40дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилиниши, шу жумладан, умумий қиймати 8,5 млрд долларлик савдо-иқтисодий ва инвестициявий битимлар имзоланиши режалаштирилган», - дея хабар берганди Вашингтонда бўлиб ўтган брифингда президент матбуот котиби.
Кейинчалик маълум бўлишича, Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар 4,8 миллиард АҚШ долларига тенг битимларни имзолаган.
Расмий рақамлар мана шундай.
Бизнингча, қанча ҳужжат имзолангани эмас, балки ўзбекистонликлар ҳаётини яхши томонга ўзгартириш учун уларни амалга ошириш муҳимроқ аҳамиятга эга.
Майли, 20та ҳужжат эмас, балки атиги 7та бўлсин, аммо қишлоқлар ва шаҳарларда яшовчи одамлар ўзгаришларни ҳис қилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг Ҳиндистонга ташрифини ёритишга яна хусусий ОАВ ходимлари таклиф этилмади. Жумладан, Kun.uz сайти ҳам президент матбуот хизмати ва Ҳиндистон ОАВда берилган хабарлардан фойдаланишга мажбур бўлди.
Улуғбек Акбаров
Мавзуга оид
20:33 / 07.11.2024
Ҳиндистонда уч кун ичида 10 та фил нобуд бўлди
01:52 / 07.11.2024
Кашмир Ҳиндистонни махсус автономия мақомини тиклашга чақирувчи резолюцияни қабул қилди
11:56 / 06.11.2024
Инсон матонати: 22 йил давомида тоғни йўниб йўл очган одам
17:51 / 05.11.2024