Ўзбекистон | 23:24 / 03.10.2018
64616
4 дақиқада ўқилади

Прокурор Зокир Раҳимовга йигирма йил сўради – адвокат прокурорни ишига виждонан ёндашмаганликда айблади

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судида Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан айбдор деб топилган Зокир Раҳимов устидан маҳкама жараёни давом этмоқда. 3 октябрга белгиланган эшитувлар ҳам томонлар таркибининг ўзгаришисиз бўлиб ўтди. Бу ҳақда очиқ суд мажлисида иштирок этган Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

3 октябрь куни мазкур суд ишида гувоҳ сифатида иштирок этаётган Баҳодир Узоқов, Ҳасанбой Сатимов ҳамда Избосаров Исомиддинлар видеоконференцалоқа воситасида Жиноят ишлари бўйича Наманган ва Тошкент вилоятлари судлари орқали гувоҳлик беришди. Улар судланувчи З.Раҳимов билан қаерда кўришгани, қандай қилиб танишганлари ва айблов хулосасида илгари сурилган моддалардаги ҳолатларни содир этгани ёки йўқлиги борасида ўз гувоҳликларини беришди. 

Шундан сўнг, суд раиси Ф.Халилов музокаралар босқичини бошлашдан аввал, 3 жилддан иборат суд ишини яна бир бор томонларга эслатди. Музокаралар босқичи аввалида адвокат Б.Абдуллаев сўз олиб, “судда иштирок этаётган томонлар, яъни прокурор ва адвокатлар музокаралар чоғида ҳар бир айблов бўйича суд жараёнларида иштирок этган гувоҳлар, судланувчининг кўрсатувларидан келиб чиқиб, далил-исботларга таянган ҳолда фикрларини билдирса, мақсадга мувофиқ бўлар эди”, деди. 

Сўнгра, суд мажлисида иштирок этаётган прокурор Мирзаев ўз хулосасини ўқиб эшиттириб, дастлабки тергов жараёни ва айблов хулосаси тўғри қўйилганини ҳисоблаб, судланувчига айбловни расман эълон қилди. 

Мирзаевнинг фикрича, Зокир Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 155-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари, 159-моддаси 4-қисми, 223-моддаси 2-қисми, “б”, “в” бандлари, 242-моддаси 2-қисми ҳамда 244-2-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдордир. Шунга биноан, Мирзаев Жиноят кодексининг 59-моддаси билан жиноий жазоларни қисман қўшиш йўли орқали судланувчини 20 йилга умумий тартибдаги колонияда озодликдан маҳрум этишни сўради. 

Мирзаевнинг айблови ҳамда муддат сўровидан сўнг, адвокат Эсонов прокурор сўзларига муносабатини билдирди.

“Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг муҳтарам давлат айбловчилари учун жиноят ишларида қатнашиш бўйича алоҳида ички тартибдаги буйруғи бор. Жиноят ишларини кўриш пайтида прокурор иштирокига доир Бош прокурор буйруғида айнан ҳамкасбим айтган кўрсатмалар, яъни қатнашган пайтда иш ҳолатларининг барчасига судда аниқланган ва текширилган ҳолатлар бўйича баҳо бериб, ўшалар бўйича маълум бир фикр айтиш вазифаси топширилган. Бу биз ўйлаб топган нарса эмас, бошқа нарса эмас, балки Бош прокурорнинг буйруғи. Мен 33 йилдан бери ишлаб келяпман, ҳали бирор марта давлат айбловчилари ўзининг раҳбари кўрсатмасига виждонан ёндашиб, ички туйғуларини турсин, жилла қурса иш материалларидан хулоса қилганини кўрмадим”, - деди судланувчининг адвокати Қаюм Эсонов. 

Эслатиб ўтамиз, Kun.Uz сайти “Ўзбекистон24” телеканалида Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига асосида тайёрланган лавҳада берилган ахборотларга асосланиб, 1999 йилги воқеалардан кейин террорчиликда айбланаётган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Туркиянинг Истанбул шаҳрида қўлга олинган Зокир Раҳимов Ўзбекистонга топширилганди. Kun.Uz сайти мазкур суд ишини кузатишда давом этади.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид