Ўзбекистон | 09:30 / 03.10.2018
2691
3 дақиқада ўқилади

Сенатда Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасалари Глобал альянси делегацияси билан учрашув ўтказилди

2018 йил 2 октябрь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари Светлана Ортиқова ҳамда Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасалари Глобал альянсининг (МҲҲМГА) Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили салоҳиятини ўрганиш бўйича делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Сенатининг  Ахборот хизмати

Учрашувда делегация аъзолари Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича ижро этилиши ҳамда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ва маърифий соҳада парламент назорати амалга оширилиши доирасида Омбудсманнинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида хабардор этилди.

Глобал альянс вакиллари Ўзбекистондаги Омбудсман институтининг ноёблигини таъкидлади, унинг салоҳиятини ошириш ва Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга мисол сифатида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятни давом эттириш зарурлигини қайд этди.

МҲҲМГА Швейцарияда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган халқаро нотижорат ташкилотдир. 2016 йилгача ташкилот Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий муассасалар халқаро мувофиқлаштирувчи қўмитаси деб аталган, унга 1993 йил Тунисда БМТ шафелигида ташкил этилган халқаро конференция якунлари бўйича асос солинган эди.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг  Ахборот хизмати

МҲҲМГАни аккредитациядан ўтказиш ва унга аъзо бўлиш БМТ ҳужжатларига мувофиқ миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаси (МҲҲМ) фаолиятини халқаро даражада эътироф этиш шакли ҳисобланади.

Альянс мақсади – БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вакили билан миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларнинг БМТ Париж принципларига мувофиқлигини баҳолаш, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ва шартнома органлари тадбирларида ҳамда мажлисларида иштирок этишга кўмаклашишдир.

Учрашув якунлари бўйича МҲҲМГА делегацияси Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

 

Мавзуга оид