Экспертлар 24 соат ичида Тошкентда вақтинчалик пропискани қандай олиш мумкинлиги ҳақида маълумот беришди
«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази мутахассислари Тошкентда вақтинчалик пропискани олиш усуллари ҳақида маълумот беришди.
Ўзбекистон вилоятларида яшаётган ва рўйхатдан ўтган фуқароларининг кўп қисми ҳаётида ҳеч бўлмаганда бир марта Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатдан ўтиш муаммосига дуч келгани шубҳасиз.
Кўпчиликда иш, ўқиш ёки ишга алоқадор сафарлар муносабати билан муайян вақт оралиғида бошқа бир шаҳарда яшаш эҳтиёжи туғилади. Тошкент шаҳрига вақтинча келувчи фуқаронинг шаҳарда бўлиш муддати 5 кундан ошмаса, рўйхатдан ўтиш талаб қилинмайди.
Агар ушбу муддат 5 кундан ортиқ бўлиши мўлжалланган бўлса, 5 кун оралиғида вақтинча рўйхатдан ўтиш учун маҳаллий ички ишлар бўлимига ариза берилиши лозим. Ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларида вақтинчалик ва доимий рўйхатдан ўтиш ҳақида”ги 41-сон қарорида баён қилинган.
Ички ишлар вазирлигининг статистик маълумотларига кўра Тошкент шаҳрида бир йил давомида ўртача 500 000 нафар фуқаро вақтинчалик рўйхатдан ўтади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 июлдаги “Ички ишлар органларининг миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3126 сонли қарорига кўра, 2018 йил 1 апрелда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) “Тошкент ва Тошкент вилоятларида рўйхатдан ўтиш” хизмати тест тариқасида ишга туширилди.
Тошкент шаҳрида вақтинчалик рўйхатдан ўтишнинг анъанавий усули
Вақтинчалик рўйхатдан ўтиш учун Тошкент шаҳрининг муайян тумани Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига ариза бериш лозим.
Зарур ҳужжатлар:
· ИИВ томонидан тасдиқланган шаклда ариза;
· паспорт;
· шартнома асосида ҳарбий соҳада хизмат қилувчи шахслар учун шахсни тасдиқловчи гувоҳнома ёки Қуролли кучлар офицерининг шахсни тасдиқловчи гувоҳномаси (казарма ёки кемаларда яшамайдиган ҳарбий хизматчилар учун);
· 16 ёшга тўлмаганлар учун – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва 35х45 мм ўлчамдаги 2 та расм;
· уй эгасининг яшаш жойи билан таъминлаши ҳақидаги аризаси (розилиги);
· уй ҳужжатларининг нусхаси;
· давлат божини тўлаганлик ҳақидаги квитанция (Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонли қарорига мувофиқ). Давлат божи - минимал иш ҳақининг 2 % га тенг;
· уй ёки унинг бир қисмининг ижараси ёки уйдан бепул фойдаланиш ҳақидаги нотариал тасдиқланган шартнома нусхаси.
Агар ариза берган фуқаро уй эгасининг яқин қариндоши бўлса, уй ёки унинг бир қисмининг ижараси ёки уйдан бепул фойдаланиш ҳақидаги нотариал тасдиқланган шартнома нусхаси талаб этилмайди.
Ушбу ҳолда вақтинчалик рўйхатдан ўтиш учун уй эгасига қариндошлик даражасини тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этилади.
Босқичлари
1. Аризачи вақтинчалик яшаш жойидаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (МвФРБ ) барча зарур ҳужжатларни тақдим этади;
2. МвФРБ инспектори аризани қайд этади, тақдим этилган ҳужжатларни белгиланган тартибда ўрганади ва расмийлаштиради, шу куннинг ўзидаёқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги маълумотномани беради.
Агар Тошкент шаҳрига келган кишида бирон сабабга кўра рухсат берилган муддатдан узоқроқ муддатга қолиш зарурати туғилса, МвФРБ бўлимига қуйидаги тартибда қайта ариза бериши лозим.
Иккинчи ва ундан кейинги ҳисобга туриш:
1-босқич. Фуқаро керакли ҳужжатларни ҳисобга олиш муддати тугашидан 15 кун олдин МвФРБга бериши лозим.
2-босқич. Аризани қайд этиб, тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб ва расмийлаштирганидан сўнг МвФРБ 15 кун ичида рухсат бериш ёки рад қилиш ҳақида қарор чиқаради.
3-босқич. Ижобий хулоса олинганидан кейин МвФРБ рўйхатдан ўтганлик ҳақида маълумотномани такроран беради, рад этилган ҳолда эса аризачига ИИБ томонидан ўрнатилган муддатда Тошкент ёки Тошкент вилоятидан чиқиб кетиш мажбурияти ҳақида огоҳлантирилади.
Ушбу хизмат my.gov.uz порталининг “Фуқаролик” бўлимида тест режимида ишга туширилган.
Тошкентда рўйхатдан ўтиш учун электрон тарзда ариза бериш
Ҳозирги пайтда “Тошкентда ва Тошкент вилоятида ташриф жойида рўйхатдан ўтиш” хизмати оптималлаштирилган ҳолда ЯИДХПда тест режимида ишлаяпти. Шунинг учун, аризачи (ижара ҳақидаги шартномаси бўлмаса) қуйидагича ҳолатларда анъанавий тарзда хизматдан фойдаланади:
· аризачи уй эгасининг ёки ушбу уйда доимий рўйхатда бўлган яшовчининг яқин қариндоши бўлса;
· Тошкентга ёки Тошкент вилоятига ишга алоқадор сафарлар, ўқиш, таътил, малака ошириш, даволаниш муносабати билан ташриф буюрган бўлса.
Ушбу хизматдан электрон тарзда фойдаланиш учун OneID тизимида рўйхатдан ўтиш лозим. Шундан кейин ЯИДХПда авторизация қилинади ва “Фуқаролик” бўлимида жойлашган хизматдан фойдаланилади.
Онлайн тарзида хизматдан фойдаланиш учун электрон шаклни тўлдириш ва қуйида келтирилган маълумотларни киритиши лозим бўлади.
Онлайн тарзда хизматдан фойдаланиш босқичлари:
1-босқич. Уй эгаси ЯИДХПдан фойдаланувчилар сафига қўшилиши ва ЯИДХПдан фойдаланганда амал қилинадиган тартиб-қоида билан танишиб, унга амал қилиш мажбуриятини зиммасига олади ва хизматдан фойдаланишга ўтади.
2-босқич. Уй эгаси ўзини “мен уй эгасиман” деб белгилайди.
3-босқич. Тизим автоматик тарзда шахсий маълумотларни тўлдиради. Аризачи уни “Кадастр рақами”, “Жисмоний шахснинг шахсий рақами (ЖШШР)”, “Вақтинчалик рўйхатда туриш муддати” маълумотлари билан тўлдирилиши зарур.
4-босқич. Аризачининг 16 ёшга тўлмаган фарзандлари бўлса, уларни ҳам вақтинча рўйхатдан ўтказиш зарурати туғилса, болалар ҳақида қуйидаги маълумотлар киритилади:
· фамилия, исм, отасининг исми;
· туғилган йили;
· туғилган жойи;
· қариндошлик даражаси.
5-босқич. Уй эгасига махсус код берилади (инвойс). Ушбу кодни у вақтинчалик рўйхатдан ўтувчига бериши лозим, чунки шу босқичдан кейин аризани тўлдириш уй эгасидан рўйхатдан ўтган шахсга ўтади.
6-босқич. Инвойсни уй эгасидан олгандан кейин вақтинчалик рўйхатдан ўтган шахс ЯИДХПда авторизациядан ўтади ва хизматга киради. Биринчи бўлиб, рўйхатдан ўтган шахс уй эгаси каби ЯИДХПдан фойдаланиш қоидаси билан танишиб чиқиш шартларини қабул қилади.
7-босқич. Фуқаро ўзини “мен уй эгасимасман” деб белгилайди.
8-босқич. Кейинги босқичда, рўйхатдан ўтувчи уй эгасидан олинган инвойсни киритиб, расмдаги кодни киритиб, аутентификациядан ўтиши лозим.
9-босқич. Инвойсни киритгандан сўнг тизим рўйхатдан ўтадиган шахс аризасининг махсус шаклини яратади, бу жараёнда тизим автоматлашган ҳолда барча зарурий маълумотларни Ички ишлар вазирлигининг идоравий маълумотлар базаларидан олади.
10-босқич. Рўйхатдан ўтадиган шахс рўйхатдан ўтиш мақсади, санаси, иш фаолияти ва доимий турар жойини кўрсатиши лозим. Келишув шартларини тасдиқлаши зарур.
11-босқич. Ариза тўлиқ тўлдирилгандан кейин кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун “Паспорт виза” тизимига йуналтирилади.
12-босқич. Ижобий хулоса чиқарилган ҳолатларда МвФРБ томонидан, уй эгасининг ва рўйхатдан ўтувчи шахснинг шахсий кабинетига, муваффақиятли рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи электрон ҳужжат юборилади.
Рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг электрон нусхаси, асл нусхага тенглаштирилади ва ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Ҳужжатнинг ҳақиқийлигини пастки қисмида жойлашган QR-код орқали аниқлаш мумкин.
Давлат хизматини оптималлаштириш натижалари
Хизмат қуйидаги бандлар бўйича оптималлаштирилади:
· кўп сонли ҳужжатларни йиғиш ва уй эгаси билан биргаликда МвФРБга бориш талаб этилмайди;
· ортиқча харажат ва сарсонгарчиликлар учун зарурат қолмайди;
· рўйхатдан ўтиш эса 5 иш кунидан 1 иш кунига қисқартиради.
Ҳозирги пайтда ушбу хизмат тест режимида ишламоқда ва ундан фойдаланишда енгиллик яратиш учун такомиллаштириш босқичида турибди. Шу муносабат билан хизматни тақдим этишда фойдаланиладиган маълумотлар базаси, хусусан, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги (АИС «Нотариус») ва Ички ишлар органларнинг идоралараро ахборот тизимларининг маълумотлар базалари инвентаризация қилинмоқда ва тўлдирилмоқда. Тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларини такомиллаштириш бўйича ишлар тугатилганидан кейин ва мазкур давлат хизматининг барча мавжуд камчиликлари аниқланиб, тузатилганидан сўнг у бутун мамлакат бўйлаб тўлиқ ишга туширилади.
Ички ишлар органларнинг хизматларини Ахборотлаштиришнинг навбатдаги босқичи
Юқорида баён қилинган маълумотлардан кўриниб турибдики, Ички ишлар органларида вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш хизмати анъанавий усулдан электрон кўринишга жадал қадамлар билан ўтказилмоқда.
Юқорида таърифланган ЯИДХПда ишга туширилган хизматдан ташқари турар жой ҳақидаги маълумотларни олиш ҳамда кишининг судланган ёки судланмаганлиги тўғрисида маълумот олиш кабиларнинг электрон шаклга ўтказилганлигини тасдиқлаб турибди. Турар жой ҳақида маълумот олиш хизмати ишга туширилгандан сўнг ундан 3500дан зиёд киши фойдаланган, судланган ёки судланмаганлик ҳақидаги маълумотлар хизматидан эса 2000 нафар фуқаро фойдаланган.
Ички ишлар органлари хизматлари сифатини ошириш учун яна кўплаб соҳаларга ЯИДХПда ва давлат хизматлари марказларида электрон хизматларни жорий қилиш режалаштирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ички ишлар органларининг технологик ривожланиши, улар фаолиятининг рақамлаштирилиши ҳуқуқий тартибни саылаш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқларини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш бўйича ишларнинг самарадорлигини оширади.
Мавзуга оид
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024