21:32 / 05.10.2018
33619

АҚШда маст қушлар ҳамма ерни “алғов-далғов қилмоқда” 

Фото: CC0

АҚШнинг Миннесота штатидаги Гилберт шаҳарчаси аҳолиси пишиб ўтиб кетган мевалардан кўп миқдорда еб, ўзини мастдек тутаётган қушларнинг хатти-ҳаракатидан шикоят қилишди. 

Таъкидланишича, шаҳарда қушлар ўзини ғалати тутиши билан боғлиқ ҳолатлар кўпаймоқда: улар ўзини бинолар ойналари, машиналарга бориб урмоқда ва бошқа ғалати ҳаракатлар содир этмоқда. Шу юзасидан аҳолидан полицияга кўплаб шикоятлар тушган. 

“Бу ерда ўсувчи баъзи резавор мевалар эрта совуқ сабабли одатдагидан аввал ачий бошлаган ва бу ўз навбатида бижғиш жараёнини тезлаштирган. Кўринишича, баъзи қушлар ўзини мастдек тутмоқда”, деб айтилган полиция бошлиғи Тай Течар баёнотида. Таъкидланишича, қушлар ўз ҳаракатларини базўр бошқармоқда, гоҳида эса маълум йўналиш бўйлаб ҳаракатлана олмаяпти.

Орегон штати университетида таъкидланишича, октябрь давомида ачиб кетган меваларни истеъмол қилган қушлар ўзини мастдек тутади.   

Полиция бошлиғининг айтишича, жорий йилда маст қушлар билан боғлиқ вазият жиддийроқ тус олган. Кўплаб қушлар жанубга учиб кетмагани сабабли улар аввалги йиллардагидан кўпроқдир. 

Полицияда таъкидланишича, қушлар билан боғлиқ ҳолда шошилинч хизматларни чақиришга ҳожат йўқ, чунки қушлар яқин орада ҳушёр тортади.

Top