Ўзбекистон | 15:23 / 08.10.2018
5248
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг сув ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги асосий университети билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилди

Ўтган ҳафтада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) ректори Ў.Умурзоқов раҳбарлигидаги институт ва Сув хўжалиги вазирлиги вакилларидан иборат делегация Хитой Халқ Республикасига сафар қилди.

Сафар давомида ХХР сув ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги асосий университети, жаҳон рейтингида биринчи 200 таликка кирувчи, юз йилдан ортиқроқ тарихга эга бўлган Хохай университети билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилди.

Томонлар профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасида алмашинувлар, бакалавриат ва магистратура босқичларида таълим ҳамда илмий ва илмий педагогик кадрларни тайёрлашда қўшма дастурлар, турли фондлар танловлари асосида ҳамкорликдаги илмий лойиҳа таклифларини тайёрлаш, рақамли ва интернет ресурсларидан қўшма таълим дастурларида (масофавий таълим ва е-анжуманлар) фойдаланиш, иқтидорли талабаларнинг қўшма академик дастурлардаги иштирокларини қўллаб-қувватлаш ва ташкил этиш, ҳамкорликдаги илмий мақолалар чоп этилишини қўллаб-қувватлаш каби қатор йўналишларда ҳамкорлик қилишни кўзда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. 

Делегация POWERCHINA компанияси томонидан барпо этилган, замонавий фан-технология ютуқлари даражасида жиҳозланган сув хўжалиги объектлари билан танишди.  

ТИҚХММИ шунингдек, АҚШдаги қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги илғор олий таълим муассасаларидан бири, дунё рейтингида 21-ўринда турувчи Калифорниянинг UC Davis университети билан ҳам таълим ва инновацион тадқиқотлар, профессор-ўқитувчилар ўртасида тажриба алмашинуви, уларнинг малакасини ошириш, ҳамкорликда илмий кадрларни тайёрлаш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш истиқболларини белгилаб олди. 

Мавзуга оид