Жамият | 21:07 / 08.10.2018
81041
10 дақиқада ўқилади

Занглаган мерос

Икки йил сарҳисоби

Дастлаб кўзга ташланадигани — Президентнинг оқарган сочи. Ҳа, у лавозимга келиш пайтида мамлакат бус-бутунлигича муаммолардан таркиб топган калавани эслатиб, унинг учини топишни хаёл қилишнинг ўзи ҳар қандай кишининг сочини оқартиришга қодир эди. Аммо янги президентга журъат ва ғайрат улашишнинг ҳожати йўқ эди — биринчи кунданоқ у эски тартибларни ўзгартиришга киришди.

Муаммо шунда эдики, журъатнинг улканлиги билан бир қаторда истакларни рўёбга чиқариш учун керак бўлган концептуал асбобларнинг йўқлиги яққол кўзга ташланиб қолди. Натижада, халқ хўжалигини тартибга келтиришга уринишлар мақсадга тескари ҳаракатлар билан аралашиб кетди. Ижтимоий, иқтисодий ва ҳатто маънавий соҳаларни эркинлаштиришга қаратилган мутлақо мантиқли чоралар баъзи эскириб қолган чоралар билан қоришиб кетди. Нега бундай?

Нега бундай?

Ҳаммасига сабаб — ўзимизнинг фикрлаш услубимиз.

100 йиллик янги тарих ер қуруқлигининг каттагина қисмида янги бир формацияни юзага келтирди. Лениннинг даҳолиги шунда эдики, у янги дунёқарашни юзага келтирганди. Бу дунёқарашни ўзига олган кишилар кейинчалик ўзгача бир шахсий хусусиятларга, алоҳида атрибутларига эга бўлдилар. Айнан шу шахсий хусусиятлар, дунёқараш мазкур қуруқлик кенглигида юз берган ҳодисаларни 70 йил давомида белгилаб келди. Ва бу бизнинг умум фожиамиз эди.

Бу «атрибут»лар ҳақида суҳбат қилишга уриниб кўрамиз.

Иқтисодиётдан бошлаб одамларнинг онгигача — ҳаммасини қўлбола бошқариб туриш ғояси ва бу ғояни амалга оширишга қаратилган инқилобчиларнинг қатъий ҳаракатлари ижтимоий қўшничиликнинг янги шаклини ва бунинг натижаси ўлароқ ўзгача хусусиятларга эга «янги одам»ни юзага келтирди. Айнан шу хусусиятларни таснифлаш ва англаш мавжуд воқелигимизни, фожиаларимизни яхшироқ тушунишимизга ёрдам беради ва энг муҳими — ҳар биримиз у ёки бу даражада тутқун бўлиб турганимиз — Ленин гипнозидан қутулишимизга ёрдам беради. Кетдик.

Лениннинг «инқилоб оммаси» онгига юборган биринчи, таълимотининг чуқур мағзини белгилаб турувчи йўлланмаси — инсоният онгида шаклланган ҳақ-ҳуқуқлар тизимини инкор этиш эди. Ҳақ-ҳуқуқларни инкор этиш вирусининг одамлар онгида ўрнашиши мавжуд воқелигимиз замирида ётган кўплаб ҳайратомуз феноменларни тушунтириб беради.

Шахсиятни ўлдириш

«Ҳуқуқ» тушунчаси «шахсият» тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир.

Ўз фикрига эга бўлиш ҳуқуқи, овоз бериш ҳуқуқи, мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқлар бирлашиб одамни том маънодаги шахсият — тафаккурли, ҳақ-ҳуқуқларини англайдиган ва уларни ҳимоя эта оладиган зотни — ижтимоий бирликни юзага келтирувчи «сеҳрли» кучдир. Аксинча, бу ҳуқуқларни тортиб олиш эса киши шахсиятини сўндирувчи, уни онгсиз, тафаккури бениҳоя чекланган, нуқул буйруққа бўйсуниб иш қиладиган, манфаат доираси оддий турмуш эҳтиёжларидан нарига ўтмайдиган (ва уларни деб атрофга тиш қайрайдиган) манқуртга айлантириб қўядиган омилдир.

Бир бошидан.

Ўз фикрига эга бўлиш ҳуқуқи
Ўз фикрига эга бўлиш ҳуқуқини тортиб олиш инсон зотининг янги фикр ва ғоялар устида ишлаш (фикр ва ғояларни генерация қилиш) қобилиятини фалаж қилади, онгли мавжудот бўлмиш инсонни аслий вазифасидан мосуво этади. Фикр ижодидан тўсилган, содда ташвишлардан иборат тор доирага мажбурлаб солиб қўйилган инсон ўз атрофини ислоҳ қилиш, ўз имкониятларини рўёбга чиқаришдан завқланиш ўрнига маънавий қафасда қолиб кетади, унинг ички имкониятлари заволга учрайди.

Бундай кишилардан таркиб топган жамиятни ўзгартиришга бўлган уринишлар ҳар гал муваффақиятсизликка учрайверади. Зеро, ҳар гал тушунмаслик деворига урилади, ислоҳотларга йўналтирилган маблағлар эса ҳар гал талон-тарож бўлаверади.

Овоз бериш ҳуқуқи
Бу ҳуқуқдан айрилиш инсонни маънан ҳолсиз, ҳеч бир ижтимоий яратувчанлик фаолиятига яроқсиз қилиб қўяди. Бундай ҳолатда ҳар қандай ижтимоий фаоллик тақлиддан иборат бўлиб, «ижтимоий фаоллик» учун ваъда қилинган моддий мукофотларни ўзлаштиришга қаратилади, холос.

Мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи
Мулкий ҳақ-ҳуқуқларнинг нуқсонлилиги, қатъий бўлмаслиги (исталган пайтда мулкдан ажраб қолиш хавфи) инсоният пайдо бўлгандан бери унга ростакамига хизмат қилиб келаётган омил — мулкни тўғри тасарруф этиш, уни авайлаш ва кўпайтириш иқтидорга талофат етказади.

Бу ва бошқа ҳуқуқларнинг барқарорлиги, мустаҳкамлиги онгли, масъулиятни ўз зиммасига оладиган шахсиятни юзага келтиради ва бундай шахсиятлардан ташкил топган ҳамжамият том маънодаги фуқаролик жамиятини юзага келтиради.

Занглаган мерос

Ленин яратган таълимотни татбиқ қилиш амалиёти дунёнинг ҳеч бир нуқтасида ижобий натижа бермади. Қўпол чекловлар — фундаментал ҳақ-ҳуқуқларни тортиб олиш воситасида инсон шахсиятини сўндиришга йўналтирилган ҳаракатлар алоҳида инсон ва умум жамиятнинг самарадорлигини ҳар гал пасайтириб юбораверди.

Мажбурий якдилликка, зуғумга қурилган тизим самарасиз, нояшовчан бўлди, аммо инсонлар онгига ўзининг зарарли таъсирини ўтказди, уларни зарарли мойилликлар қурбонига айлантирди. Баъзиларини айтиб ўтамиз:

  • «ҳуқуқ» тушунчасига бепарволик, ҳуқуқсизликка нисбатан «муроса», турли олиб қўйишлар — «синфлар кураши»дан келиб чиқадиган экспроприация ва конфискацияларни ёқлаш;
  • ўзгача фикрга тоқатсизлик, бошқача қараш эгалари билан муаммоларни муҳокама қилолмаслик, ўзгача фикр учун ёхуд «юқорининг кўрсатмалари»га қўшилмагани учун одамларга «чора кўриш»ни ёқлаш;
  • яшаш муҳитига айланиб кетадиган ўзаро ишончсизлик ва шубҳагарлик, бадхоҳлик;
  • атроф дунё муаммоларига бефарқлик, шахсий муаммоларга ўралашиб қолиш;
  • шахсият бузилиши, парокандалиги натижаси бўлмиш маддоҳлик, лаганбардорлик, кўзбўямачилик, беҳимматлик, майдакашлик.

Мана шу, Лениннинг бизга қилган «ҳадя»сини, биз ҳалигача кўтариб юрибмиз ва бу «захира» билан XXI асрга қадам қўйдик. Табиийки, бундай кўникмалар билан тараққиётга эришиш мумкин эмас.

«Революция поезди» бир чандон юриб тўхтади ва занглади — гўё бутун борлиқ табиий ҳилқатни ўзгартиришга бўлган ҳаракатга тўсқинлик қилди ва бу «поезд»нинг юришини тўхтатди. Инсоният жуда муҳим ишорани — инсон шахсиятини ўлдириш мумкин эмаслигининг, буни қилган учун жазо муқаррар эканлигининг ишорасини олди.

Шундай қилиб...

Шундай қилиб, эзгу ниятларимиз кўпикка айланмаслиги, ислоҳотлар яна бир муваффақиятсизлик сифатида тарихда қолмаслиги, ислоҳотларга қилинаётган сарфлар эса ҳавога учиб кетмаслиги учун бизга фуқаролик жамияти зарур — ўша, жавобгарлик ҳисси мавжуд бўлган ва шу учун ҳам танқидий фикрлай оладиган кишилардан — шахсиятлардан иборат жамият.

Эркин фикрга нисбатан қўпол этик билан жавоб бериш — ўтмишда кўрилган ва ҳеч бир яхшиликни келтирмаган амалиётдир. Тарих ўгитларини қабул қилмоқ, ишораларини кўрмоқ, эшитмоқ, англамоқ зарур.

Мамлакатнинг моддий ва номоддий захираларининг энг яхши сақловчиси ва кўпайтирувчиси — фуқаролик жамияти, энг яхши тасарруфчиси ҳам у. Миллионлаб эркин фикрловчиларнинг руҳий ва ақлий имкониятларини, воқеликни билиш иқтидорини ҳеч қачон бир нечта, ёпиқ эшиклар ортида мажлис қилувчиларнинг имкониятлари билан таққослаб бўлмайди.

Шахсиятларни юзага келтириш йўли узун ва мураккабдир, ҳамда сабр ва... бағрикенгликни талаб этади. Доимий мулоқот, муросани исташ, муҳокама қоидаларини ишлаб чиқиш, ҳамма учун бирдек мажбурий бўлган чегараларни белгилаш, умумий қадриятлар асосида умумий императивларни белгилаш — булар ҳаммаси ҳозирда энг долзарб чоралар бўлиб, фуқаролик жамиятини эволюцион тарзда юзага келтирувчи омиллардир. Бу йўлнинг муқобили йўқдир.

Воқеликни танқидий англаш иқтидорига эга бўлган бир киши жамият учун минг маддоҳдан қадрлидир.

Хотима

«Революция поезди» бир чандон юриб тўхтади ва занглади — гўё бутун борлиқ табиий ҳилқатни қайта бичишга бўлган ҳаракатга тўсқинлик қилди ва бу «поезд»нинг юришини тўхтатди. Бироқ биз уни ўз ичимизда олиб юрибмиз, тарих саҳифаларида қолиб кетишга имкон бермаяпмиз. Биз Ленин революциясининг айни мағзини — ҳақ-ҳуқуқларнинг мустақимлигини инкор этувчи, «ҳуқуқ» тушунчасига нисбатан беписандлик руҳини ўзимизда олиб юрибмиз.

Янги кучли мамлакатнинг юзага келиши дунёқарашимизни тубдан ўзгартиришимизни, аввало ҳуқуқ тушунчасига бўлган муносабатимизни ўзгартиришимизни тақозо қилади. Ҳуқуқ ривожланишнинг, ислоҳотлар муваффақиятининг бош омили сифатида, ҳуқуқий муҳит эса шахсиятларни — ўша, онгли, масъулият юкини эгнига олувчи, яратувчанлик қобилиятига эга шахсиятларни етиштириб берувчи ягона муҳит сифатида тан олинмоғи лозим.

Инчунун, яхши ҳуқуқий муҳит ва бундай муҳитнинг маҳсули бўлмиш том маънодаги шахсият уринишларимизнинг бош мақсади бўлмоғи керак. Зеро, мамлакат бўйлаб қанча кўп корхоналар қурилмасин, қанча инвестициялар киритилмасин, онгли, яратилган нарсаларни ҳуқуқ асосида ҳимоя этадиган инсонларсиз қисқа даврда ҳаммаси ҳавога учиб кетади. Бунга шубҳа йўқ.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид