Ўтган беш йил давомида Шавкат Мирзиёев қандай ютуқларга эришгани ва қанақа муаммолар ечимини топа олмагани ҳали кўплаб тадқиқотлар мавзусига айланади. Биз фақат энг кўп тилга олинган масалалар юзасидан кичик таҳлил ўтказишга жазм қилдик.
Хўш, нималарга ҳаракат қилинди-ю, аммо натижа кутилганидек бўлмади?
Инсон зоти борки мукаммал эмас. Катта бир давлатнинг президенти, улкан имкониятлар эгаси бўлсанг-да, барибир ҳаммаси силлиқ кетмаслиги тайин. Шавкат Мирзиёев ўзи кўзлаган ва бир неча карра тилга олган айрим муаммолар бугун ҳам ечимини топмаган.
1. Коррупция
Бу иллат жон-жонимизга шу қадар сингиб кетганки, усиз иложи йўқдай тасаввур пайдо бўлган. Шавкат Мирзиёев президент курсисини эгаллаши билан бу борада қатъий кураш бошлади ва маълум ютуқларга эришди ҳам. Аммо коррупция тугади, ҳеч бўлмаганда жиловланди дейишга ҳали жуда эрта. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилиши ҳам бу борада бир қадам. Аммо ниҳоятда чуқур илдиз отган бу муаммо бутун жамиятни зарарлаб улгурган.
2. «Свет-газ» муаммоси
Мирзиёев президентлигининг дастлабки йилларида бир қадар ортга чекинган бу муаммо қиш эрта келган йилда яна бўй кўрсатди ва тизимдаги аянчли аҳволни қайта ёдга солди. Албатта, ҳар йиғилишда бу муаммо тилга олинади, ечимлар изланади. Охирги 5 йилда қатор силжишлар бор, аммо бу муаммолар ҳануз халқнинг оғриғи бўлиб қолмоқда.
3. Қуйи бўғин раҳбарлари талабларни ҳис қилмаслиги
Бу айниқса ҳокимларнинг «снос»ларга, судьялар, умуман, куч ишлатар тизимларнинг ОАВ билан муносабатларида кўзга ташланиб қолади. Шунингдек, кучишлатар тизимлар баъзан олдинги даврни «қўмсаб» қолишлари ҳам етарлича муаммо туғдиради. Бир қадар жиловланган ва ўзини босиб олган бу тизимларда ҳалигача ўзгаришларга эҳтиёж бор.
4. Мигрантлар
Ўзбекистон аҳолиси шиддат билан ривожланаётган мамлакат бўлиш билан бирга арзон ишчи кучининг донори сифатидаги уятли мақомини сақлаб турибди. Президент буни кўп таъкидлайди, тан олади, ечимини излайди. Аммо ўз ички имкониятларимиз етишиб келаётган авлодни таъминлай олмаётгани бу муаммонинг ҳам сақланиб туришига замин яратяпти.
5. Монополиялар
Аслида президентнинг ўзи ҳам бу муаммони бир неча марта тилга олди. Аммо тугал ечим барибир кўринмади. Автосаноат, авиапарвозлар, ҳаж ва умра саёҳатлари каби соҳалар ҳануз тор гуруҳлар қўлида қолаётгани кўпчиликни ўйлантиради.















