Халқаро анжуманни кузатган Kun.uz мухбири таниқли иқтисодчининг фикрларини ўзбек тилида келтириб ўтади.

«Иқтисодиётнинг ривожланганлик даражаси қандай ўлчанади? Аҳоли жон бошига ЯИМ деган тушунча бор. Идеал кўрсаткич эмас, лекин бироқ бундан яхшироғи ҳали ўйлаб топилмаган.

Аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича Ўзбекистон 40та энг камбағал давлатлар қаторига киради. Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ЯИМ 1 минг 532 долларни ташкил қилади (2018 й). Камбағал мамлакатлар категориясига сўнгги 20-25 йил ичида тушиб қолдик.

Мана бу жадвал энг камбағал 40та мамлакат қаторига қандай қилиб тушиб қолганимизни кўрсатади:

Биринчи устун – мамлакатлар, собиқ СССР мамлакатлари, айримлари қўшниларимиз. Иккинчи устун – 1995 йилда аҳоли жон бошига тўғри келган ЯИМ. Учинчи устун – 2018 йилда аҳоли жон бошига тўғри келган ЯИМ. Тўртинчи устунда эса неча баробар ўсиш кузатилгани кўрсатилган. Бу – доллардаги номинал ўсиш. Шуни тушуниш керакки, бу реал ўсиш эмас. Лекин мамлакатларни бир-бири билан таққослаш мумкин.

Бу жадвалга қараб, Ўзбекистон мана шу йиллар давомида мазкур мамлакатларга нисбатан энг ёмон ривожланганини кўришимиз мумкин. Иқтисодий ривожланиш суръати энг паст бўлган.

Биз бир жойда турмаганмиз, ривожланганмиз. Бироқ мамлакатларнинг кўпчилиги тезроқ ривожланган, натижада биз аста-секин 40та энг камбағал мамлакат қаторига тушиб қолдик.

Келинг, буни факт сифатида қабул қиламиз. Асосий вазифамиз – нафақат мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, балки турмуш даражасини ҳам ошириш.

Биринчи савол, бу нималарга боғлиқ?

Адам Смит давридан бошлаб, иқтисодчилар айрим саволларга жавоб топишга ҳаракат қилишади: нима учун айрим мамлакатлар бой, айримлари эса камбағал?

Институтлар ва иқтисодчилар бу саволга умумий жавоблар беришади. Гап одамлар хилма-хил эканида эмас, одамлар ҳамма ерда бир хил. Ҳеч ким бир-бирига ўхшамайди ҳам. Гап одамларнинг турлича эканида эмас, уларнинг хулқ-атворида. Одамларнинг хулқ-атвори ўйин қоидалари ва жамоат ташкилотларини белгилайди. Биз мана шу ўйин қоидаларига асосан яшаймиз.

Ўйин қоидалари бу – расмий институтлар, қонунлар, бошқа норматив ҳужжатлар. Норасмий институтлар бу – стереотиплар, хулқ-атвор, анъаналаримиз.

Қайси мамлакатда қандай ўйин қоидалари мавжудлигига қараб, одамлар бир хил вазиятда ўзларини турлича тутадилар.