Ўзбекистон | 21:52 / 09.10.2018
23016
3 дақиқада ўқилади

Бир гуруҳ Осиё ўйинлари ғолибларига навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилди

9 октябрь куни Мудофаа вазирлигида XVIII ёзги Осиё ўйинларида иштирок этиб, ғолибликка эришган ҳамда совринли ўринларни қўлга киритган Мудофаа вазирлиги Спорт клуби спортчилари ва уларнинг мураббийларини шарафлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов, жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раиси Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Абдулло Сагдиев иштирок этди ва мамлакатимиз шарафини жаҳон спорт аренасида муносиб ҳимоя қилган армия спортчиларига миннатдорлик билдирди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

XVIII ёзги Осиё ўйинларида оғир атлетика спорт тури бўйича рекорд ўрнатган шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар Руслан Нуриддинов, каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё ўйинларининг 4 карра ғолиби Вадим Меньков ҳамда енгил атлетика Надия Дусановага навбатдаги лейтенант ҳарбий унвонларини тантанали топширди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тадбир давомида Осиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган ҳамда Олмаотада бўлиб ўтган бокс бўйича 22-халқаро турнирида муносиб ўринларни қўлга киритган спортчилар мудофаа вазирлиги томонидан маиший техника буюмлари, кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Бундан ташқари мамлакатда спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Абдусалом Азизов Ўзбекистон миллий олимпиа қўмитаси раиси, жисмоний тарбия ва спорт вазири ҳамда Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосарига Мудофаа вазирлигининг эсдалик совғаларини топширди.

Эслатиб ўтамиз, Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилган XVIII ёзги Осиё ўйинларида Мудофаа вазирлиги Спорт клубининг 50 нафар аъзоси ҳам Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, 10 та олтин, 12 та кумуш ва 11 та бронза медалини қўлган киритган эди. Бу мазкур Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар томонидан қўлга киритилган жами медаллар сонининг 48 фоизи демакдир.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Мавзуга оид