Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Йигирма йилдан сўнг келажак армияси қандай бўлади?
Брукинг институти эксперти Майкл О’Хэнлон ҳарбий инновацияларни ўрганади ва МРБ маслаҳатчиси сифатида технологик инқилоблар ҳақида башоратларини айтади. У яқинда 2020-2040 йилларда ҳарбий техника қай даражага етиб бориши тўғрисида ҳисобот тайёрлади.
Технологик инқилоб
Майкл О’Хэнлон ҳарбий ишланмаларни 29 тоифага ажратди ҳамда улар орасида қайси йўналиш бошқаларига нисбатан тезроқ ривожланиши мумкинлиги борасида тахмин билдирди.
Унинг тадқиқоти якунларига кўра, 29 тоифадаги технологиядан фақат иккитасидагина ҳақиқий технологик инқилоб юз беради. Бу компьютерлар ва робототехникадир.
Яна еттита тоифа – кимёвий узатгичлар, радиоалоқа, лазерли алоқа, радиочастотали қурол, ҳалок қилмайдиган ва биологик қуроллар ҳам ўзгаришларга учрайди. Ерусти жанговар машиналари, учувчи қурилмалар, кема ва ракеталар йўналишлари эса асталик билан ривожланиб боради.
Сунъий онг
Келгуси 20 йилда ҳарбий инновацияларга алоқадор технологик ўзгаришлар жадал суръатларда давом этади. Робототехника ва киберхавфсизлик ривожланиши тезлашади. Сунъий онг соҳасидаги тараққиёт ҳам жадаллашади. Энергетик тизимлар, гипертовушли ракеталар соҳаси модернизация қилинади.
О’Хэнлон ҳарбий технология соҳасидаги асосий йўналишларни тўртга ажратади. Биринчиси ҳарбий ҳаракатларган алоқадор маълумотларни тўплаш билан шуғулланувчи турли узатгичлар. Иккинчиси – бу маълумотларни қайта ишлайдиган ва тарқатадиган компьютер ва коммуникация тизимлари. Учинчиси қуролланиш платформалари ва улар учун технологиялар. Тўртинчиси – қурол ва технологияларнинг янги тизимлари. О’Хэнлон 29та тоифага яна ўнта тоифа қўшган. Булар киберимкониятлар, интернет тармоқлари, квант ҳисоби, сунъий онг ва маълумотлар йиғиш, сунъий йўлдошлар, кимёвий қуроллар, наноматериаллар, 3D-нашр ва гаджетларни кучайтириш учун қурилмалар.
Компьютер технологиялари
Илғор компьютерлар ёрдамида бошқариладиган радиоузатгичларнинг имкониятлари кенгаяди. Замонавий компьютерлар уларнинг самарадорлигини оширади.
Компьютер технологиялари орқали зарба бериш хавфи кучаяди. Сувости оптик толали кабелларга ҳужумлар, радиостанциялар ва бошқа алоқа тизимларининг дастурий таъминотларига киберҳужумлар жиддий муаммо бўлиши мумкин.
Компьютерларнинг ҳисоблаш қуввати кучайиши сунъий йўлдошлар ва бошқа қурилмаларнинг олинган маълумотларни тезроқ қайта ишлашларига имкон беради.
АҚШ мудофаа вазирлиги сунъий онг, маълумотларни қайта ишлаш билан боғлиқ соҳаларга 2012 ва 2017 йиллар орасида 5,6 млрддан 7,4 млрд долларгача маблағ ажратган.
Компьютер инқилоби туфайли робототехника тез ривожланади. Ҳарбий мақсадлар учун ўзи бошқариладиган транспорт воситалари ишлаб чиқарилади. Масалан, ҳозирда жанг майдонида тактик таъминот мақсадида Wingman ишлаб чиқарилган. У қурол етказиб бера олади. Яқинда штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси ўринбосари генерал Пол Сельва кимни ва қачон отиш кераклиги ҳақида ўзи мустақил қарор чиқара оладиган робот яратиш учун АҚШга тахминан ўн йил керак бўлишини билдирди.
Аниқ вазифа бажаришга ихтисослашган роботлар ишлаб чиқарилади. Учувчисиз бошқариладиган учар қурилмалар узоқроқ масофага уча оладиган ва радарларга кўринмайдиган бўлади.
Денгизда эса маълумотлар йиғиш, миналардан тозалаш ва мудофаа билан шуғулланадиган ўзиюрар кемалар пайдо бўлади. 2013 йилги RAND ҳисоботида айтилишича, ана шундай кемалардан 63таси ишлаб чиқарилган ва синовдан ўтказилган. Сув остида юрадиган роботлашган қурилмалар истиқболли лойиҳа сифатида кўрилмоқда. Яқинда нархи 100 минг долларга тенг бўлган денгиз планери Атлантика океанини кесиб ўтди. Келажакда унинг нархини 10 бараварга камайтириш кўзда тутилмоқда.
Мавзуга оид
18:13 / 10.06.2026
Смартфонни қувватлашдаги асосий хатолик айтилди
08:30 / 09.06.2026
Ўз давридан минг йиллар олдин яратилган 8 технология
22:36 / 21.05.2026
Тожикистон ва Ўзбекистон чегара ҳудудларида мобил алоқани яхшилайди
09:46 / 04.05.2026