Ўзбекистон | 00:02 / 10.10.2018
5320
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги ҳузурида солиқ билан боғлиқ низоларни судгача ҳал қилиш кенгаши тузилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳукумат қарори билан, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши таркиби ва кенгаш тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланган.

Кенгаш раиси этиб молия вазирининг ўринбосари В.Пак тайинланган. Кенгаш таркибидан Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари, ДСҚ раисининг биринчи ўринбосари, адлия вазирининг биринчи ўринбосари, солиқ маслаҳатчилари палатаси бошқаруви раиси, аудиторлар палатаси кенгаши раиси, бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси кенгаши раиси, бухгалтерлар федерацияси бошқаруви раиси, адвокатлар палатаси раиси ўрин олишган.

Маслаҳат органи ҳисобланувчи кенгаш солиқ низоларини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ДСҚ Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси томонидан аввал кўриб чиқилган, кўриб чиқиш натижалари солиқ низосини ҳал қилиш учун Кенгашга мурожаат қилган солиқ тўловчи, солиқ агенти ва (ёки) солиқ тўловчининг вакилини қониқтирмаган солиқ низоларини кўриб чиқиш учун қабул қилади.

Кенгаш қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ўтказилаётган солиқ текширувлари бўйича ҳамда солиқ тўловчи солиқ низолари бўйича давлат солиқ хизмати органлари қарорлари, уларнинг мансабдор шахслар ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилган ҳолларда солиқ низоларини кўриб чиқмайди.

Мавзуга оид