Ўзбекистон | 14:47
5241
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи ва Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи ишдан олинди

Тошкент шаҳри солиқ бошқармаси ҳамда Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиқлари ишдан олинди. Уларнинг фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилган.

Шавкат Мирзиёев 27 январда бўлиб ўтган йиғилишда Тошкент шаҳри солиқ идораларини танқид қилди ва қатор раҳбарларини ишдан олди.

Хусусан, Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Ҳожиакбар Муллажонов ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Юнусжон Насимжоновни ишдан олиш, фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.

Солиқ қўмитасининг янги раиси Фаррух Пўлатовга Тошкент шаҳридаги барча туман солиқ инспекцияларининг бошлиқларини ишдан олиб, вазифасини бажарувчи қилиб қўйиш топширилди.

Қўмита раиси ва қўмитага тайинланган комплаенс бўйича янги ўринбосар А.Солиевга коррупцияга муросасиз муҳитни яратиш, Тошкент шаҳри солиқ раҳбарларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиб, уларнинг ўрнини ватанпарвар, янгиликка интилиб ишлайдиган шижоатли ёшлар билан тўлдириш вазифаси қўйилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ғаниев қўштирноқ остидаги «тадбиркор»ларга солиқдан қочишда йўл кўрсатиб юргани учун уни бугуннинг ўзида ишдан олиш топширилди.

А.Солиев ва Тошкент шаҳар ҳокимига комплаенс бўйича ўринбосар этиб тайинланган М.Мирҳамидов пойтахтда яширин иқтисодиётга қарши муросасиз муҳит яратишга масъул бўлиши белгиланди.

Ҳожиакбар Муллажонов 1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2010 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. У меҳнат фаолиятини 2014 йилдан Тошкент шаҳри Ғазначилик бошқармаси Шайхонтоҳур тумани бўлимида инспекторликдан бошлаб, янги лавозимга тайинлангунига қадар Яккасарой тумани Ғазначилик бўлинмаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келган. 2019 йил июнида Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тайинланганди.

Юнусжон Насимжонов 1967 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Солиқ органларидаги фаолияти давомида Фарғона ва Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, Тошкент шаҳар Яшнобод тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи лавозимларида ишлаган, бир муддат Солиқ қўмитаси раисига ўринбосар бўлган. 2021 йил ноябрида Ўзбекистон президенти фармойиши билан Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид