Жаҳон | 08:07 / 11.10.2018
5176
2 дақиқада ўқилади

АҚШ қонун чиқарувчилари IT-гигантларни «тийиб қўйишга» чақиришди

Фото: AP

Америка Қўшма Штатларининг Демократик ва Республика партияларининг қонун чиқарувчилари Сенатдаги мажлисда фойдаланувчилар шахсий маълумотлари сизиб чиқиши оқибатида юзага келган бир неча можаролардан кейин технология гигантларига нисбатан қонунчиликни кучайтириш чораларини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси ёзмоқда.

Эшитувлар иштирокчиларининг хулосасига кўра, Қўшма Штатлар миллионлаб фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларига эга бўлган энг йирик IT-компанияларни «тийиб қўйишга» ҳаракат қилиши керак.

Бу йил бошида Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилар маълумоти сизиб чиқиши оқибатида юз берган энг катта инқирозга дуч келди. Душанба, 8 октябрь куни, 2015-2018 йилларда дастурий таъминотдаги носозлик сабабли Google+ ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари сизиб чиққани ошкор бўлди.

Конгресснинг савдо бўйича қўмитаси раиси, республикачи сенатор Жон Тьюннинг маълум қилишича, маълумотлар сизиб чиқиши билан боғлиқ сўнгги можаролар IT-саноат ўзини ўзи самарали бошқариш имконига эга эмаслигини кўрсатди.

«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махфийлик қоидалари бўйича миллий стандартни ишлаб чиқиш керак», - дея таъкидлаб ўтди Тьюн.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, демократлар ва республикачилар қонун лойиҳасини яхшилаб ишлаб чиқиши керак. Унинг таъкидлашича, аввал партиялар вакиллари ахборот хавфсизлиги масалаларида деярли ён босишмаган.

Мавзуга оид