Жамият | 17:16 / 12.10.2018
10984
2 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро аэропортида қўл телефонларини ноқонуний олиб киришга уринган шахслар  тўхтатиб қолинди

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан “Тошкент” халқаро аэропорти орқали товар моддий бойликларини ноқонуний олиб ўтиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда аниқлаш борасида тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
Жумладан, “Сеул-Тошкент” йўналиши бўйича учиб келган фуқаролар З.Р., Х.К., Г.Қ. ва Ҳ.К.лар божхона қонунбузилиш ҳолатини содир этишди. Уларнинг қўл юки ва багажлари божхона ходимлари томонидан белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, қонунбузарларнинг қўл юки ва багажларида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, божхона назоратидан яширилган турли хилдаги уяли алоқа воситалари, хусусан, З.Р.да 33 дона, Х.К.да 58 дона, Г.Қ.да 98 дона ва Х.К.да 28 донадан қўл телефонлари  борлиги аниқланиб, жами 217 дона уяли алоқа воситалари ашёвий далил сифатида олиб қолинди.     

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича дастлабки текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид